Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1384 2024 йил 20 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти тўғрисида
Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун тенг имконият ва шароитлар яратилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 44 – 48-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши эълон қилинсин.
2. Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1345-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий риоя этилсин.
3. Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатини инобатга олиб, қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;
иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;
учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси;
тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий телеканаллари, радиоканаллари ҳамда уларда бепул ажратиладиган эфир вақти ҳажми 1-1а-иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда уларда бепул ажратиладиган эфир вақти ҳажми 2-иловага мувофиқ;
“Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида бепул ажратиладиган нашр майдони ҳажми 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ;
маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони ҳажми 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида:
бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга зарур шарт-шароитлар яратсин;
янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилсин;
бепул ажратилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида эфирга узатилаётган ҳамда чоп этилаётган сайловолди ташвиқоти материалларини улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этиб борсин.
6. Давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати, Матбуот маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази билан биргаликда сайловолди ташвиқоти мониторингини ташкил этсин ҳамда мониторинг натижаларини ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раҳбариятига тақдим этиб борсин.
8. 2024 йилнинг 21 сентябрига қадар сиёсий партияларнинг ҳудудлардаги тегишли органларининг фикрини инобатга олган ҳолда ҳамда ушбу қарорнинг 2 ва 4-иловаларига мувофиқ:
ҳудудий сайлов комиссиялари тегишинча вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайлови бўйича сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маҳаллий давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши вақтини белгиласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сайлови бўйича сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши тартиби ва вақтини белгилаш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддасига асосан 2024 йилнинг 22 сентябрига қадар:
депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзод этиб рўйхатга олинган сайлов округи доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш;
сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзодларнинг сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқларини таъминлашга доир зарур чораларни кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар, шунингдек уларнинг ишончли вакилларининг сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиш, зарур маълумот ва ахборот материаллари билан таъминлашни сўраб давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат бирлашмаларига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
12. Ҳудудий, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари тегишли ҳудудлардаги прокуратура органлари билан ҳамкорликда сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширсин.
13. Ушбу қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин ҳамда тегишли манфаатдор ташкилотларга юборилсин.
14. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев