Депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти хусусида муҳим маълумотлар

 

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

 

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни ва сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинган кун эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугатилади.

 

Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга.

 

Депутатликка номзод депутат этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар ҳамда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати бўйича номзодлар сайланиши учун сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.

 

Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:

 

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;

 

сайлов комиссиялари аъзоларининг;

 

диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

 

Ташвиқот давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

 

Сайловолди ташвиқоти:

 

ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали;

 

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш;

 

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

 

Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларининг мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар.

 

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низомга мувофиқ, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш масалалари тартибга солинганлиги алоҳида таъкидланди.

 

Тадбирда қайд этилганидек, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар:

 

– сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ташвиқот материалларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар кўрсатиши;

 

– ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслиги;

 

– бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек бошқа шахсга доир маълумотларидан фойдаланилганда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиши лозим.

 

Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.