Жойларда ҳудудий тренерлар учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари бўлиб ўтмоқда

29.05.2023

3100

msk_yangiliklari_in

Республикамизнинг барча вилоятларида жорий йилнинг 29-30 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 19 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги 1261-сон қарори билан тасдиқланган “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси”га мувофиқ, 104 нафар республика тренерлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида 944 нафар ҳудудий тренерлар учун икки кунлик ўқув-дастурига асосан ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган ўқув-амалиёт машғулотларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида ҳар бир гуруҳда тингловчилар сони 20-22 нафардан тақсимланди. Машғулотлар режа-жадвали республика ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, машғулотлар тасдиқланган режа-жадвалга тўла амал қилган ҳолда сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишида ҳудудий ишчи гуруҳлар билан биргаликда республика тренерлари масъул сифатида белгиланган.

Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида, Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарслар кўринишидаги ўқув-услубий материаллар тайёрланган бўлиб, машғулотлар мазмуни ушбу ўқув-услубий материалларга асосланган.

Машғулотлар давомида малакали экспертлар томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланма” асосида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари ва уларнинг ваколатлари”, “Сайловчилар рўйхатлари билан ишлаш”, “Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлаш ва муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш”, “Ўзбекистон Республикаси Президент сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиянинг сайлов кунидаги фаолияти”, “Сайлов участкасида овозларни санаб  чиқиш ва натижаларни белгилаш” ва “Ўзбекистон Республикаси Президент сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиянинг сайлов жараёни иштирокчилари (ОАВ, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул идоралар вакиллари) билан ҳамкорлиги” мавзуларда дарслар интерактив усулларда ўтказилмоқда.

Ўқув-амалиёт машғулотларидан кўзланган мақсад сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда халқаро сайлов стандартларини ҳамда миллий қонунчиликни қўллаш бўйича сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда бошқа ташкилотчилар салоҳиятининг юксалишига, назарий билим ва амалий кўникмаларининг мустаҳкамлашга эришиш ҳисобланади.

Икки кунлик семинарлар якунида тингловчиларнинг тренингдан олган билим ва кўникмалари тест орқали синовдан ўтказилади.

Ўқув-амалиёт машғулотларининг кейинги босқичи республика тренерларининг назорати остида 944 нафар ҳудудий тренерлар томонидан жорий йилнинг 2–13 июнь кунлари туман-шаҳар марказларида сайлов участкалари учун мўлжалланган биноларда 33 мингга яқин участка сайлов комиссияси аъзолари (участка сайлов комиссия раиси, ўринбосари ва котиблари) учун икки босқичда ташкил қилинади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур