Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси тўғрисида ахборот

24.05.2023

2869

msk_yangiliklari_in

Бугун, 24 май куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкаларини тузиш ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади.

Ушбу талаблардан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди. 

Мажлисда шунингдек, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳлари тузилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Эксперт гуруҳи таркибига жами 36 нафар криминалистхатшунос эксперт-мутахассислари, шунингдек, олий таълим муассасаларинодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллари жалб этилди. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам иштирок этадилар.

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан тўрт кунлик муддатда текширилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур