Сайт тест режимида ишламоқда

№ 1129 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАРНИНГ САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№ 1129                                                      2021 йил 17 сентябрь

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида

 

 

Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 44-48-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун сайловолди ташвиқоти даврида:

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти 1-иловага мувофиқ;

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти 2-иловага мувофиқ;

 

“Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида бепул ажратиладиган нашр майдони 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ;

 

Маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

3. Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

 

биринчи – Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Нарзулло Наимович ОБЛОМУРАДОВ;

 

иккинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Максуда Азизовна ВАРИСОВА;

 

учинчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Шавкат Миромонович МИРЗИЁЕВ;

 

тўртинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Алишер Келдиевич ҚОДИРОВ;

 

бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Баҳром Абдураҳимович АБДУҲАЛИМОВ.

 

4. Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида:

 

бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратсин;

 

янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилсин;

 

бепул ажратилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида эфирга узатилаётган ҳамда чоп этилаётган сайловолди ташвиқоти материалларини улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этиб борсин.

 

5. Қуйидагилар:

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 46-моддасига асосан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида сиёсий партиялар, Президентликка номзодларга ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкинлиги;

 

оммавий ахборот воситалари томонидан сайловолди ташвиқотини ёритиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1068-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати Матбуот маркази ҳамда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ билан биргаликда сайловолди ташвиқоти мониторингини ташкил этсин ҳамда мониторинг натижаларини ҳар куни Марказий сайлов комиссияси раҳбариятига тақдим этиб борсин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш вақтида транспортда кузатиб бориш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини ва сайловчилар билан учрашувларини ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин.

 

8. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун сиёсий партиялар ва Президентликка номзодларга тенг шартларда жиҳозланган хоналар бепул тақдим этилишини таъминласин, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда кўмаклашсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайловолди ташвиқоти мобайнида сайлов тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан самарали назоратни амалга оширсин.

 

10. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби Х.Маматов зиммасига юклатилсин.

 

 

Раис ўринбосари                                                                      Б. Кучкаров

 

1-илова

 

2-илова

 

3-3а-илова

 

4-илова