Сайлов бюллетенларнинг шакли қандай бўлади?

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди.

 

Бу йилги сайловлардаги бюллетенлар мутлақо янги шаклда бўлиб, сайлов бюллетенларининг ихчамлиги бюллетенни чоп этиш харажатларини камида 3 млрд сўмгача иқтисод қилиш имконини беради.

 

Бундан ташқари, сайлов бюллетенларининг ихчам ва турли рангларда чоп этилиши ҳисобига участка сайлов комиссияларининг овозларни санаб чиқишдаги вақтини камида 1 соатгача, бутун республика бўйича эса, камида 11 минг соатгача тежаш имконини беради.

 

Cайловчиларга овоз бериш кунида 4 та сайлов бюллетени берилади:

 

Биринчи бюллетен, оч кўк рангли бўлиб, унда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Иккинчи бюллетен, оч яшил рангли бўлиб, бюллетенда Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиётган сиёсий партиялар номи;

 

Учинчи бюллетен, оч сариқ рангли бўлиб, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Тўртинчи бюллетен, оч кулрангли бўлиб, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар киритилади.

 

Сайлов бюллетенида депутатликка номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.

 

Сиёсий партиялар киритилган бюллетенда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи билан бирга рамзий белгиси кўрсатилади ва партиялар сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.

 

Сайлов бюллетенлари тегишли ҳудуддаги сайловчилар сонини инобатга олган ҳолда чоп этилади ва сайлов участкаларига етказилади.