Сайлов кодекси 58-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 122-бандига мувофиқ Овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади ҳамда сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссиясининг аъзолари ҳозирлигида комиссиянинг сейфида сақланаётган муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертлар сайлов қутисига ҳамманинг эътиборига ҳавола қилинган ҳолда алоҳида-алоҳида ташланиши белгиланган бўлиб, шу сабабли Муддатидан олдин овоз беришнинг натижалари ҳам якуний салов натижалари билан бирга эълон қилинади.
Сайлов кодекси 57-моддасига мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Муддатидан олдин овоз бермаган фуқаро сайлов куни ўзи бириктирилган сайлов участкасига бориб участка сайлов комиссиясининг аъзосига шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиб сайловда иштирок этиши мумкин.
Сайлов кодекси 29-моддасига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.
Участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун қулай бўлган ҳолда тақдим этилади. Бундай рўйхатда сайловчиларнинг фақат фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йили кўрсатилади.
Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.
Сайлов кодекси 28-моддасига мувофиқ сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, шунингдек сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.
Сайлов кодекси 28-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.
Шунингдек, Сайлов кодекси 30-моддасига мувофиқ ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги 630-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандига мувофиқ сайлов кампанияси даврида сайловчилар рўйхатларини аниқлаштириш орқали сайлов комиссиялари томонидан тақдим этиладиган сайловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотлар асосида шакллантирилади ва янгилаб борилади.
сайловчиларининг ягона электрон рўйхати ҳар олти ойда бир марта, сайлов кампанияси даврида эса Марказий сайлов комиссияси томонидан давлат персоналлаштириш маркази ва Оператор билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвалга мувофиқ янгиланади.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1345-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-бандига мувофиқ сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.
Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (жумладан, сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун олдин олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.
Сайлов кодекси 58-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 119-бандига мувофиқ участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш, овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни тўлдириш жараёнида қуйидагилар ҳозир бўлишлари мумкин:
кузатувчилар;
сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари;
оммавий ахборот воситалари вакиллари.
Мазкур жараёнда участка сайлов комиссияси биносида ҳозир бўлишга рухсат этилган шахслардан ташқари бошқа шахсларнинг бўлиши тақиқланади.
Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомнинг 12-бандига мувофиқ Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
Низомнинг 9-бандига мувофиқ Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси (бундан буён матнда округ сайлов комиссиялари деб юритилади) томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда ҳудуд (округ) бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 102-моддасига мувофиқ номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Салов кодекси 96-моддасига мувофиқ сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари (ҳудудлари) бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 122-бандига мувофиқ участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан овоз бериш тугаганидан сўнг фойдаланилмаган ва бузилган сайлов бюллетенлари санаб чиқилади ва юқори чап бурчагини кесиш йўли билан бекор қилинади, бу ҳақда якуний баённомага тегишли ёзув киритилади.
Участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари фойдаланилмаган ва бузиб қўйилиб бекор қилинган сайлов бюллетенларини боғлам қилиб ўраб, устига “Фойдаланилмаган ва бузиб қўйилиб бекор қилинган сайлов бюллетенлари” деб ёзиб, ёнига уларнинг сонини, қайси сайловга оидлигини, сайлов округининг номи ва тартиб рақамини ёзади.