Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

21.09.2024

1341

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайлови кампаниясида сайловолди ташвиқотини амалга оширишда иштирок этадиган сиёсий партиялар ходимлари, уларнинг депутатликка номзодлари, ваколатли ва ишончли вакиллари, кузатувчилари ҳамда бошқа иштирокчиларнинг (кейниги ўринларда – сиёсий партия вакиллари) одоб-ахлоққа оид асосий қоидаларини белгилайди.

 

2. Мазкур Қоидаларнинг мақсад ва вазифалари:

 

сайловолди ташвиқоти даврида ёлғон ахборот тарқатилишини олдини олиш ва қонунчиликка амал қилинишини таъминлаш;

 

сайловларнинг умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш каби асосий принципларига риоя этилишини таъминлаш;

 

сайловчиларга барча сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳамда шу маълумотлар асосида ўз танловини эркин амалга ошириш имконини бериш;

 

сиёсий партия ёки унинг номзодларига овоз бериш сайловчиларнинг эркин ва ишончли танлови бўлишини таъминлаш.

 

2-боб. Сиёсий партиялар вакилларининг одоб-ахлоқига оид асосий қоидалар

 

3. Сиёсий партиялар вакиллари сайловолди ташвиқоти жараёнларида қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига оладилар:

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш;

 

сиёсий партия вакилларининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиш;

 

сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги нуфузи, обрў-эътиборини ҳурмат қилиш, шунингдек ижтимоий ахлоққа зид ҳар қандай ахборотни одобсизларча тарқатмаслик;

 

сайловчиларга нисбатан товламачилик, қўрқитиш ёки мажбурлаш, ўзгача ноўрин таъсир чораларини қўлламаслик ва ҳақ эвазига ўзига оғдириб олмаслик;

 

сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағларини тўлаш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бормаслик;

 

сайловчиларни овоз беришдан қайтаришга қаратилган ҳаракатларни амалга оширмаслик;

 

нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатмаслик;

 

шахсга доир маълумотлар махфийлигини бузмаслик;

 

мазкур Қоидаларга риоя этилишни таъминлаш, шунингдек уларни бузиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича чораларини кўриш.

 

3-боб. Оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали сайловолди ташвиқот олиб боришнинг одоб-ахлоқ қоидалари

 

4. Сиёсий партиялар вакиллари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали сайловолди ташвиқот олиб бораётганда:

 

ҳар қандай шахсни обрўсизлантиришга йўл қўймаслик, шу мазмундаги маълумотларни тарқатишдан тийилиши;

 

нотўғри ва ижтимоий ахлоққа зид ахборотни тарқатмаслик;

 

оммавий ахборот воситалари, жумладан Интернет ва ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар номидан жойлаштирилган ҳар қандай сохта контентга тезкорлик билан муносабат билдириши;

 

номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатмаслик, шунингдек номзодларнинг розилигисиз уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ёки тарқатишдан тийилиши;

 

зўравонликка ундаш, туҳмат, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ҳақорат қилувчи ташвиқот олиб бормаслиги, шу каби материалларни расман ёки аноним тарзда эълон қилмаслиги ҳамда Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатмаслиги керак.

 

5. Сиёсий партиялар вакиллари сайловолди ташвиқоти воситалари ва технологияларидан, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланишда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилишлари ҳамда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашлари шарт.

 

6. Сиёсий партиялар вакиллари сунъий интеллект воситасида нотўғри ахборот ресурсини ишлаб чиқиш, ишлатиш ёки тарқатишдан, хусусан:

 

сохталаштирилган, ўйлаб топилган, ёлғонлиги олдиндан маълум бўлган, нотўғри ёки чалғитувчи маълумотлар ёхуд материалларни тарқатишдан;

 

сунъий интеллект ёрдамида вафот этган шахслар номидан аудио-, видео-, график ва матнли ахборотни яратиш ҳамда тарқатишдан;

 

сайловчилар фикрини чалғитиш учун сохта аккаунтлар ёки автоматик ботлар яратиш ва фойдаланишдан тийилиши керак.

 

4-боб. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини ишлатишда одоб-ахлоқ қоидалари

 

7. Сиёсий партиялар вакиллари босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатишда қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар:

 

бошқа сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига халақит бермаслик, ташвиқот материалларини бузмаслик ёки йўқ қилмаслик, шунингдек ташвиқот материалларини тарқатилишига аралашмаслик;

 

бошқа сиёсий партия вакилларининг жинси, ирқи, миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеига нисбатан камситувчи баёнотлар тайёрланишига, ишлатилишига ёки тарқатилишига йўл қўймаслик;

 

диний мазмундаги материаллардан фойдаланмаслик;

 

конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлигига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи маълумотларни тайёрлаш ва тарқатишга йўл қўймаслик.

 

5-боб. Сайловчилар билан учрашувлар даврида одоб-ахлоқ қоидалари

 

8. Сиёсий партиялар вакиллари сайловоди учрашувлар даврида қуйидаги мажбуриятларни оладилар:

 

бошқа сиёсий партияларнинг сайловолди учрашувлари, ташвиқот тадбирларини ўтказиш, уларнинг сайловолди дастури ва ғояларини тарқатишда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш;

 

бошқа сиёсий партиялар томонидан оммавий тадбирлар ўтказилишига аралашмаслик ҳамда ушбу тадбирларда қатнашишни хоҳловчи шахсларга халақит бермаслик;

 

бошқа сиёсий партияларнинг депутатликка номзодларига нисбатан таҳдид ва ҳар қандай зўравонлик ҳаракатларига йўл қўймаслик;

 

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчиларини сайловолди ташвиқотларига жалб қилмаслик;

 

бошқа сиёсий партиялар вакилларининг тадбирлардаги нутқини бўлиб қўйишга, шунингдек улар нутқини шарҳлаб боришга йўл қўймаслик зарур. 

 

9. Сиёсий партиялар ташкил этиладиган оммавий тадбирларда нутқ сўзлайдиганлар томонидан бошқа шахсларга нисбатан ғазаблантирувчи ёки туҳмат қилувчи сўзларни айтишга, таҳдид қилиш ёки ҳар қандай зўравонликка чақиришга йўл қўймасликлари лозим.

 

6-боб. Якунловчи қоидалар

 

10. Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни Марказий сайлов комиссияси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиялари амалга оширади.

 

11. Ташвиқот номзодларни ва партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

 

12. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

 

13. Мазкур Қоидалар имзоланган санадан бошлаб кучга киради ҳамда Марказий сайлов комиссияси ва тегишли сайлов комиссиялари томонидан сайлов натижалари расман эълон қилингунгача амал қилади. Қоидаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш сиёсий партияларнинг умумий қарори билан амалга оширилади.

 

Тошкент шаҳрида 2024 йил 21 сентябрда имзоланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг одоб-ахлоқ қоидалари сиёсий партиялар раҳбарлари томонидан имзоланган.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур