Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Филиппин Республикасидаги сайловларни халқаро кузатишда иштирок этди

14.05.2025

436

msk_yangiliklari_in

Филиппин Республикаси сайлов комиссиясининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 12 май куни бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий сайловларни халқаро кузатиш дастурида, шунингдек, сайловолди ташкил этилган Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси (ОСОА) Ижроия кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Филиппинга ташриф буюрди.

 

9 май куни Манила шаҳрида ОСОА Ижроия кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ассоциациянинг фаолияти бўйича ҳисоботлар, шунингдек Ассоциация фаолиятини янада такомиллаштиришга оид масалалар кўриб чиқилди.

 

     

Сайловларни халқаро кузатиш дастурида 20 та хорижий давлат сайлов органлари ва 4 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди. Сайлов жараёнларини дипломатик корпус вакиллари ҳам кузатиб борди. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, АҚШ мазкур сайловларни кузатиш учун тахминан 60 нафар кузатувчи юборган. Бундан ташқари, ушбу сайловларда илк бор Европа Иттифоқининг сайловларни кузатиш миссияси ҳам иштирок этди, унинг таркиби тахминан 200 нафар кузатувчини ташкил этди.

 

10 май куни халқаро кузатувчилар учун махсус брифинг ташкил этилди. Унда Филиппин Сайлов комиссияси вакиллари томонидан сайловларга тайёргарлик жараёни, сайловни ташкил этиш ва унинг очиқлигини ҳамда шаффофлигини таъминлаш чоралари ҳақида маълумот берилди. Шу куннинг ўзида халқаро кузатув дастури иштирокчилари Манила пойтахт ҳудудини ривожлантириш бошқармаси ва Филиппин Миллий полицияси ҳузуридаги сайлов хавфсизлигини таъминлашга масъул асосий вазият марказлари фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

 

   

12 май, сайлов куни, халқаро кузатувчилар Манила шаҳридаги бир қатор овоз бериш марказларини бориб кўрдилар. Улар соат 05:00 дан 07:00 гача кекса ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ташкил этилган эрта овоз бериш жараёнларини, оддий сайлов участкалари, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш жойларида, қариялар ва ногиронлар уйларида ҳамда савдо марказларида жойлашган сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар.

 

 

Сайловчилар рўйхатига 68 миллиондан ортиқ фуқаролар киритилган. Улар ушбу сайловда миллий ва маҳаллий даражадаги 18 мингдан ортиқ лавозимларга кўрсатилган номзодлар учун овоз бердилар.

 

Мазкур сайловларда аввал фойдаланилган электрон овоз бериш қурилмалари тўлиқ янгиланиб, овоз бериш натижаларини онлайн узатиш имконига эга бўлган автоматлаштирилган янги овоз бериш қурилмалари билан алмаштирилди. Шунингдек, хориждаги сайловчилар учун онлайн овоз бериш тизими жорий этилди. Кузатувчилар овоз бериш жараёни билан танишиб, барча сайлов участкаларида фуқаролар, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун эркин овоз беришга зарур шарт-шароитлар яратилганини қайд этдилар.

 

   

Куннинг иккинчи ярмида халқаро кузатувчилар Овозларни ҳисоблаш миллий кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Унда қуйи сайлов органларидан овозларни қабул қилиш ва ҳисоблашнинг электрон тизими реал вақт режимида ишга туширилди.

 

   

 

Ташриф доирасида Ўзбекистон МСК делегацияси Филиппин сайлов комиссияси раиси ва аъзолари билан учрашди, шунингдек бошқа мамлакатларнинг сайлов органлари вакиллари билан бир қатор ишчи учрашувлар ўтказди. Учрашувларда сайловларни ўтказиш бўйича тажриба алмашилди ва сайлов тизимларини янада такомиллаштириш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур