2025 йилнинг 8-9 октябрь кунлари Ўзбекистон МСК вакиллари Минск шаҳрида бўлиб ўтган Беларусь Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш – сайлов жараёнининг барқарорлиги ва уйғунлигини таъминловчи омил сифатида” мавзусидаги II Халқаро сайлов форуми тадбирларида иштирок этди.
Форумнинг асосий мавзуси – сайлов ташкилотчиларининг ҳамда сайловчиларни ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, аҳолида ҳуқуқий онгни шакллантириш борасидаги фаолияти тўғрисида бўлди.
Тадбирда Озарбайжон, Беларусь, Венесуэла, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия ва Ўзбекистон давлатлари сайлов органлари ва дипломатик корпуси вакиллари, халқаро ташкилотлар, депутатлар корпуси, илмий ва педагогик жамоатчилик вакиллари ҳамда сайлов ҳуқуқи ва жараёни соҳасидаги экспертлар иштирок этишди.
Халқаро илмий-амалий конференция доирасида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси котиби Х. Маматов “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш – сайлов жараёни барқарорлигини таъминловчи омил сифатида: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза билан чиқиш қилди.
Таъкидланишича, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш жамиятнинг сайловларга бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Қайд этиб ўтилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги изчил такомиллаштирилмоқда, фуқароларни сайлов соҳасидаги ахборот билан хабардор қилишнинг замонавий технологиялари фаол жорий этилмоқда, ёшлар қатламларини ҳам қамраб олган ҳолда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Форум иштирокчилари сайлов технологиялари ва қонунчилигини такомиллаштириш, сайлов жараёни очиқлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва электорал фаоллигини шакллантиришда ОАВ ҳамда жамоат ташкилотларининг ўрнига оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек Форум доирасида маънавий-ахлоқий асосларда ҳуқуқий онгни шакллантириш, ёшларнинг электорал маданияти ҳамда сайловларни халқаро кузатиш амалиётининг муаммо ва истиқболларига бағишланган панел муҳокамалари ҳам бўлиб ўтди.
Илмий-амалий конференция ишида Марказий сайлов комиссияси аъзоси М. Хусанова ҳам иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси