Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Ўзбекистон делегацияси озарбайжон миллий мeжлис сайловлари жараёнларини кузатмоқда

01.09.2024

1374

msk_yangiliklari_in

Бугун, Озарбайжонда маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 19:00 га қадар навбатдан ташқари Миллий Межлис депутатлари сайловида овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев бошчилигида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Боку шаҳрида ва унинг атрофидаги ҳудудларда овоз беришнинг турли босқичларида – участкаларнинг очилишидан тортиб овозларни участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқишгача бўлган жараёнларда бевосита иштирок этдилар.

 
 
 
Шунингдек, делегациямиз аъзолари Озарбайжон МСК томонидан ташкил этилган овоз бериш жараёнларининг бошланиши ва унинг бориши тўғрисида ахборот беришга бағишланган брифингларда қатнашдилар.

 

МСК томонидан қайд этилганидек, Озарбайжон Миллий Межлисига сайлов ҳар беш йилда ўтказилади. Сайловлар мажоритар тизим бўйича, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Парламент 125 нафар депутатдан иборат бўлиб, янги чақириқ еттинчи ҳисобланади.

 

Овоз бериш бюллетенларига 990 нафар номзодлар киритилган бўлиб, сайловчилар сони 6 421 073 нафарни ташкил этади. Мамлакат бўйлаб жами 125 та сайлов округида 6 400 дан ортиқ сайлов участкалари (134 таси вақтинчалик) тузилган.

 
 
Шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитлар яратилган сайлов участкалари ҳақида ахборот бериб ўтилди. Жумладан, 2 471 та сайлов участкасининг кириш қисмига пандус ўрнатилган, кўриш қобилияти заиф сайловчилар учун Брайл алифбосидаги махсус трафаретлар ишлаб чиқилган ва барча сайлов округларга юборилганлиги таъкидланди.
 
 

МСК томонидан парламент сайловларида экзит-поллар ўтказилишини фаол қўллаб-қувватланиши, уларнинг ташкил этилиши учун зарур шароитларни яратилиши қайд этилди. 2 500 га яқин сайлов участкаларида экзит-поллар ўтказилганлиги маълум қилинди. Ушбу мақсадларда 3 та халқаро хорижий гуруҳ рўйхатдан ўтиб, маҳаллий ҳамкорлар кўмагида экзит-полларни ўтказди.

 

                     

 

Шунингдек, сайлов жараёнлари максимал шаффоф ўтиши учун 1 000 та сайлов участкасига ўрнатилган веб-камералар орқали кузатиб бориш имконияти яратилгани алоҳида таъкидланди. Сайлов куни интернет фойдаланувчилари мамлакат ичида ҳамда унинг ташқарисида барча жараёнларини (овоз бериш, овозларни санаш ва якуний натижаларни аниқлаш) расмий МСК веб-саҳифасига кирган ҳолда рўйхатдан ўтмасдан кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар.

 

                           

 

Овоз бериш жараёнини кузатиш давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Боку шаҳрининг Сабаил, Насими, Хатаи, Сурахан ва бошқа туманлари ҳамда Сумгаит шаҳридаги сайлов участкалари раҳбарлари ва аъзолари билан учрашдилар.

 

 

 

Комиссия аъзоларининг профессионаллиги, фуқароларнинг овоз бериш жараёнида иштирок этишини таъминлаш ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, шунингдек, сайловларни ўтказиш учун зарур ускуналар, қонун ҳужжатлари, услубий қўлланмалар, ахборот материаллари билан таъминланганлиги, ногиронлиги бўлган шахслар учун овоз бериш шароитларининг яратилганлиги делегация аъзолари томонидан алоҳида қайд этилди.

 

 

Озарбайжон МСКда ўтказилган брифингда соат 17:00 ҳолатига сайловчиларнинг навбатдан ташқари парламент сайловларидаги иштироки 33,82% ни ташкил этганлиги таъкидланди. 6,478 та сайлов участкаларида 2,172,087 нафар киши овоз берди.

 

Шунингдек овоз бериш якунланганидан сўнг, навбатдан ташқари Миллий Мажлис депутатлари сайловининг якуний натижалари 20 кун ичида, яъни 22 сентябрга қадар эълон қилиниши бўйича тушунтириш берилди.

 

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур