2026 йил 8 октябрь куни гибрид форматда “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида 2026 йилдаги сайлов кампанияларининг ёшлар мезони” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДРМҚХИ МДҲ ПА), “Россия ёшлар сайлов комиссиялари иттифоқи” Бутунроссия жамоатчилик ҳаракати ҳамда А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети (РДПУ) томонидан ташкил этилди.
Учрашув иштирокчилари МДҲ маконида 2026 йилда ўтказиладиган сайлов кампанияларида ёшларнинг ўрни, ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда сайлов соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Тошкент шаҳридаги А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиалида бўлиб ўтган давра суҳбатини очар экан, Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев нуфузли ташкилотларнинг биргаликдаги иштироки ушбу мавзунинг аҳамиятини янада оширишини таъкидлади.
“Биз глобал ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз. Бугунги кунда ёшлар инновациялар ва ижтимоий янгиланишларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Уларнинг фаол иштироки, ҳуқуқий саводхонлиги ва онгли фуқаролик позицияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида демократик институтларнинг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда”, – деди З. Низамходжаев.
Марказий сайлов комиссияси Раиси бугун ёшларни сайловларда иштирок этишга чақиришнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади. Бунинг учун ёшлар билан уларга тушунарли тилда мулоқот қилиш, замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш, уларнинг сайлов соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва кўнгиллилар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини айтиб ўтди.
Муваффақиятли тажриба сифатида З. Низамходжаев 2026 йил 18 - 20 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Россия Федерацияси Давлат Думаси депутатлари сайловларини халқаро кузатиш дастурида ёш волонтёрларнинг фаолиятини мисол қилиб келтирди. Кўнгиллилар юқори даражадаги тайёргарликни, сайлов участкалари фаолияти ва қонунчилик қоидаларини пухта билишларини намоён этдилар.

Ўзбекистон Республикаси МСК аъзоси Г. Раҳимова ҳам МДҲ ПА ва унинг ДРМҚХИнинг Ҳамдўстлик мамлакатлари сайлов органлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, қўшма конференция ва семинарлар, жумладан, ёшларнинг сайловлардаги иштироки масалалари бўйича мунтазам равишда тажриба алмашиш имконини беради. Шунингдек, у мазкур учрашув якунлари бўйича ишлаб чиқиладиган амалий тавсиялар ёш фуқароларнинг фаоллигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Муҳокамалар доирасида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Котибияти раҳбарининг ўринбосари, Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти директори И. Мушкет МДҲ иштирокчи давлатларидаги сайлов кампанияларида ёшларнинг иштироки таҳлилига бағишланган маъруза билан чиқиш қилди.
Хусусан, Ўзбекистон мисолида у 2024 йилги парламент сайловларида талабаларнинг 96 фоиздан ортиғи овоз беришда иштирок этганини ҳамда қарийб 18 минг нафар ёш сайлов комиссиялари таркибига кирганини таъкидлади. Шунингдек, у институтнинг турли мамлакатлардан бўлган ёш мутахассислар ўртасида профессионал манфаатлар муштараклиги асосида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи халқаро ёшлар лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Давра суҳбатининг ўтказилиши Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссияси