Сиёсий партиялар сайловда иштирок этишга ижозат бериш  учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат юборди ҳамда имзо варақаларини тақдим этди

17.08.2024

699

msk_yangiliklari_in

Маълумки, сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши ва депутатликка номзод кўрсатиши учун сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Қонунчиликка кўра, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва  Тошкент шаҳридан тўпланган сайловчиларнинг имзолари, республика бўйича тўпланиши лозим бўлган имзоларнинг кўпи билан саккиз фоизини ташкил этиши лозим.

 

Жорий йил 31 июль санасида МСК томонидан Қонунчилик палатаси сайловида сиёсий партиянинг иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш учун ҳар бир сиёсий партияга қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаш имконини берадиган имзо варақаларининг бланкалари берилди. Сиёсий партиялар шу кундан бошлаб ўз партиясининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплашга киришдилар.

 

Юқоридагиларга асосан, жорий йилнинг 16 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш бўйича Марказий сайлов комиссиясига “Е-saylov” ахборот тизими орқали мурожаат юборилди ҳамда тўпланган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилди.

 

 

         

 

         

 

         

 

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги МСКнинг эксперт гуруҳлари томонидан беш кунлик муддатда текшириб чиқилади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур