Азиз юртдошлар!
Барчангизни муборак айём – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллик шонли санаси билан самимий табриклаймиз.
1991 йил 18 ноябрь мустақил Ватанимиз – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган тарихий кундир. Миллий тимсолларимизни азалдан азиз ва муқаддас деб биладиган халқимизни давлатимиз байроғи мудом якдиллик, буюк мақсадлар йўлида бирлашиш ва янгидан-янги марраларни забт этишга илҳомлантириб келмоқда. Давлатимиз байроғида миллатимизнинг буюк тафаккури, бой тарихи, порлоқ истиқболи ва қадимий анъаналари ўз ифодасини топган.
Қаердаки яшаб турган бўлмайлик, байроғимиз тимсолида Ўзбекистон Республикаси деган буюк ҳимоячимиз, суянчимиз ва таянчимиз борлигини ҳис этамиз. Бу муқаддас туйғу дилимизга қувонч, фахр-ифтихор, руҳимизга улкан қувват бахш этади. Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгиланган Ватанимизга меҳр-у садоқатимиз янада юксалади.
Ўз тақдирини ўзи белгилаш шарафига эришган мустақил давлат, озод ва эркин халқгина ўзининг миллий рамзларига эга бўлиши азалдан маълум. Бугун дунё аҳли мамлакатимиз байроғини тинчликпарвар, адолатпарвар ва дадил тараққий этаётган Янги Ўзбекистон тимсоли сифатида танийди.
Миллий ифтихоримиз – байроғимиз юртимизда ва бутун дунёда тинчлик, ҳамкорлик ва фаровонлик рамзи сифатида абадий ва барқарор ҳилпирайверсин!
Давлатимиз байроғи қабул қилинган шонли сана барчамизга муборак бўлсин!
Марказий сайлов комиссияси жамоаси