Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакиллари Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича ўтказилган референдумда овоз бериш жараёнларини кузатдилар

06.10.2024

1172

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 6 октябрь куни Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон МСК раиси З.Низамходжаев бошчилигида комиссия делегацияси мазкур референдум жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди. Кузатув жараёни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти миссиялари таркибида амалга оширилди.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари овоз бериш кунида Қозоғистон пойтахти ва унинг атрофидаги референдум участкаларида кузатув олиб бордилар.

 

Умумхалқ референдумида икки турдаги участкалар ўз фаолиятини юритди: фуқароларнинг доимий яшаш манзилларидаги ва вақтинчалик турган жойларидаги участкалар. Жами 10 327 та референдум участкаларидан 9 709 таси фуқароларнинг доимий яшаш манзилларида, 618 таси эса фуқароларнинг вақтинчалик турган жойларида ташкил этилган. Қозоғистондан ташқари 59 та мамлакатда 74 та референдум участкаси ўз фаолиятини амалга оширди. Референдум комиссияларининг жами аъзолари сони 70 049 нафарни ташкил этди.

18 ёшга тўлган Қозоғистон фуқаролари референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдумда иштирок этиш учун овоз берувчилар рўйхатига 12 244 683 нафар Қозоғистон фуқароси киритилди.

 

Референдум бўйича комиссиялар томонидан фуқароларнинг ёзма аризаларига мувофиқ, 10 623 та овоз бериш ҳуқуқини берувчи рўйхатдан чиқарилганлик гувоҳномалари тақдим этилди.

Овоз бериш бюллетенида давлат ва рус тилларида “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” деган савол ёзилган бўлиб, овоз берувчилар “Ҳа, розиман” ёки “Йўқ, рози эмасман” танловларига овоз бердилар. Овоз берувчи танлаган жавобига мос бўлган квадратга ўз белгисини киритди.

 

Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи уни қўллаб-қувватлаб овоз берган бўлса, референдумда кўтарилган масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Соат 14:00 ҳолатига кўра, референдумда овоз берганлар сони 51,77 фоизни ташкил этди, яъни Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланди.

 

Референдум участкаларига ташрифи давомида, Қозоғистон ОАВ вакилларининг илтимосига кўра, Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёни, овоз беришни кузатиш натижалари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашган ҳолда интервью берди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси делегацияси аъзолари овоз бериш жараёни тўғрисидаги маълумотларга бағишланган Марказий референдум комиссиясининг брифингларида ҳам иштирок этдилар.

 

Овоз бериш жараёни соат 20:00 га қадар давом этди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур