Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раисларининг Маслаҳатлашув кенгаши йиғилишида иштирок этди

25.01.2025

536

msk_yangiliklari_in

24 январь куни Минск шаҳрида Беларусь Республикаси Марказий сайлов комиссияси раислигида МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раислари Маслаҳатлашув кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Йиғилишда Кенгаш аъзолари – Беларусь Республикаси (И.Карпенко), Қирғиз Республикаси (Н.Шайлдабекова), Россия Федерацияси (Э.Памфилова) ва Ўзбекистон Республикаси (З.Низамходжаев) ҳамда видео-конференц алоқа режимида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси (Н.Абдиров) иштирок этдилар.

 

Шунингдек, маслаҳат овози ҳуқуқига эга бўлган МДҲ Бош котиби С.Лебедев ва МДҲ ПА Котибияти раҳбари – Бош котиби Д.Кобицкий қатнашдилар.

 

Маслаҳатлашув кенгаши йиғилиши иштирокчиларини МДХ Бош котиби С.Лебедев қутлади.

 

Электорал муҳокамалар доирасида Кенгаш аъзолари қуйидаги мавзуларда маърузаларни тингладилар: 2024 йилда Қозоғистондаги сайлов жараёнлари, Қирғиз Республикасидаги янги сайлов цикллари бошланиши – маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар доирасидаги маҳаллий сайловлар, МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарлари Кенгаши мамлакатлари ўртасида минтақавий ҳамкорлик истиқболлари.

 

 

Йиғилишда МДҲ ПА Кенгаши Котибияти раҳбар ўринбосари, МДҲ ПА ДРПХИ директори И.Мушкет “МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг сайловлар ва референдумлар бўйича халқаро кузатувининг ўттиз йиллиги: тажриба ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

 

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев йиғилиш иштирокчиларини қутлар экан, Кенгаш фаолиятининг муҳимлиги ва долзарблигини таъкидлаб ўтди. З.Низамходжаев таъкидлаганидек, Кенгашнинг асосий устувор вазифалари МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, сайлов жараёнларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, сайловчилар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни ривожлантириш ҳамда демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдир.

 

 

З.Низамходжаев Кенгашнинг яна бир муҳим вазифаси сифатида МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари фаолияти бўйича маълумот ва тажриба алмашишни қайд этди.

 

2024 йилги сайлов кампаниясининг баъзи жиҳатларига тўхталар экан, у Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатдаги давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилганлигини ва муваффақиятли ўтганини таъкидлади. Сайловолди ташвиқот жараёнида аралаш сайлов тизимининг жорий қилиниши сиёсий партиялар ўртасида ҳамда жамиятда демократик муҳитни кучайтирганини кўриш мумкин эди.

 

 

Сайловларни кузатиш учун 850 нафардан ортиқ халқаро кузатувчи, шу жумладан, 560 нафар кузатувчи МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ ПА, ЕХҲТ ДИИҲБ ва ЕХҲТ ПА, Европа Кенгаши, ТДТ, ТуркПА, Осиё ПА, ШҲТ, ИҲТ, IFES каби халқаро ташкилотлардан иштирок этишди. Буларнинг барчаси билан Ўзбекистон халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш бўйича конструктив ҳамкорликни олиб бормоқда.

 

20 дан ортиқ хорижий мамлакат сайлов органлари ўз вакилларини сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнини кузатиш учун юборди. Сайловларни халқаро кузатиш амалиётида илк бор АҚШ сайлов органи вакиллари ҳам иштирок этди.

 

 

Шунингдек, 245 нафар якка тартибдаги кузатувчилар аккредитация қилинди. Улар орасида АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Япония, Туркия, Озарбайжон, Россия, Корея, Покистон, Франция, Италия, Қирғиз Республикаси ва бошқа кўплаб давлатлардан кузатувчилар бор эди. Улар турли тадқиқот институтлари, хавфсизлик ва прогноз муассасалари, парламентлар, консулликлар, элчихоналар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган етакчи олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат бўлди.

 

З.Низамходжаев, фурсатдан фойдаланиб, МДХ Ижроия қўмитаси, МДҲ ПА ва Кенгаш аъзоларига халқаро кузатувда иштирок этиш учун ўз делегациялари ва вакилларини юборганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

 

Шунингдек, сайловларни 65 мингдан ортиқ маҳаллий кузатувчилар, шу жумладан, 55 мингта сиёсий партиялардан ва 10 мингдан зиёд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатганини таъкидлаб ўтди.

 

 

 

Маслаҳатлашув кенгаши йиғилишида сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Йиғилиш натижалари бўйича МСК раиси З.Низамходжаев Беларусь ОАВ вакилларига интервью берди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур