Одил судлов академияси тингловчилари Марказий сайлов комиссиясида

11.12.2025

148

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг Касбий қайта тайёрлаш курслари Маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги тингловчилари учун ўқув амалиёт машғулоти ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчиларига сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилганлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларида аралаш сайлов тизимининг жорий қилинганлиги, янги ташкил этилган сайлов органлари тизимининг вазифа ва функциялари, шунингдек қонунчиликка киритилган бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, ўқув амалиёт машғулотида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда уни ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, мамлакатимиз миллий сайлов тизимида илк бор жорий этилган “Е-saylov” ахборот тизими ҳамда электрон овоз бериш ускуналарининг сайловлар жараёнидаги афзалликлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Иштирокчиларнинг сайлов қонунчилигига оид фикр ва мулоҳазалари тингланди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Таъкидлаш жоизки, Марказий сайлов комиссиясининг Одил судлов академияси билан ўзаро ҳамкорлиги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кенг ва тўла таъминлаш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур