Янгиланган сайлов тизими хорижий кузатувчилар диққат марказида

26.10.2024

1819

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 27 октябрда мамлкатимизда йирик сиёсий жараён - Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтади. Янгиланган сайлов қонунчилиги бўйича ўтказиладиган бу йилги давлат вакиллик органлари сайловларига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, сайлов органларининг қизиқиши ниҳоятда юқори бўлмоқда.

 

Хусусан, сайловларни кузатиш учун 43 та давлатдан 245 нафар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти каби 13 та халқаро ташкилотларнинг  560 нафар, 24 та хорижий давлатлар сайлов комиссияларининг 46 нафар, жами 851 нафар халқаро ва хорижий кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.

 

 

Таъкидлаш жоизки, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилар миссиялари ва делегациялари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ҳам узоқ муддатли, ҳам қисқа муддатли кузатувчи сифатида кузатиб боради.

 

 

         

 

Шу муносабат билан, кузатувчилар миссиялари аъзоларига сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловларга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида брифинг ташкил этилди.

 

Унда 150 га яқин халқаро ва хорижий кузатувчилар, сайлов органлари ва ташкилотлари вакиллари, кузатувчилар миссиялари аъзолари иштирок этди.

 

 

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади. Бу йил парламентнинг қуйи палатасига сайланадиган 150 депутатнинг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича, қолган, 75 нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланиши қайд этиб ўтилди.

 

Шунингдек, брифинг иштирокчиларига миллий сайлов амалиётига жорий қилинган “E-Saylov” ахборот тизими, унинг афзалликлари ва имкониятлари, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш Концепцияси асосида барча даражадаги сайлов иштирокчиларининг билим ва кўникмалари оширилганлиги, сайловолди ташвиқоти жараёнида сиёсий партиялар ва номзодларга яратиб берилган тенг шароитлар, ташвиқотда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.

         

Қайд этиш жоиз, мазкур брифинг кузатувларни амалга ошириш дастурига мувофиқ барча халқаро кузатувчиларга мониторинг ва кузатувларни олиб боришлари учун жарёнларни очиб берди.

 

Брифинг сўнгида Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти барча учун очиқ ва мулоқотга тайёр эканлигини билдириб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур