Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида сайлов соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

03.02.2026

146

msk_yangiliklari_in

2026 йилнинг 3 февраль куни Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаевнинг Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси М.М. Ислом билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шунингдек, сайлов органлари ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

З. Низамходжаев Бангладеш Халқ Республикаси Элчисига икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қизиқиши учун миннатдорлик билдирди.

 

Суҳбат давомида у Комиссия фаолияти, мамлакатимиз сайлов тизими, сайлов ва референдумларни ўтказиш принциплари, шунингдек, сайлов жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича батафсил ахборотни тақдим этди. Сайловларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлаш масалаларига ҳамда халқаро кузатув амалиётига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Элчи М.М. Ислом қабул ва тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорлик билдирди. Суҳбат давомида у жорий йилнинг 12 февраль куни Бангладешда ўтказиладиган бўлажак парламент сайловлари ва референдум жараёнлари ҳақида маълумот берди. Элчи мамлакатларимиз сайлов органлари ўртасида тажриба алмашишнинг муҳимлигини таъкидлади.

 

Учрашув конструктив ва дўстона муҳитда ўтди.

 

Учрашувда Марказий сайлов комиссияси аъзолари Г. Рахимова ва Х. Палуаниязовлар ҳам иштирок этишди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур