Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди

05.06.2023

1902

msk_yangiliklari_in

Бугун, 5 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари иштирок этди.

Мажлис кун тартибидан сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 31 май куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси1 июнь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат этди ва номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.

Марказий сайлов комиссиясининг эксперт гуруҳлари жорий йил 31 май – 2 июнь кунлари юқорида қайд этилган 4 та сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган фуқароларнинг номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини сайлов қонунчилиги талабларига қатъий амал қилган ҳолда текширдилар.

Текшириш натижаларига кўра эксперт гуруҳлари аъзолари сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзолар қонунчилик талабларига мувофиқ тўпланганлигини инобатга олиб, барча 4 та сиёсий партиялар томонидан тўпланган имзо варақалари улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда ҳамда қонунчилик талабларига мос эканлиги тўғрисида хулосага келганлар.

Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи Эксперт гуруҳлари томонидан тақдим этилган хулосаларни инобатга олган ҳолда ҳамда сиёсий партия тақдим этган ҳужжатлар қонунчилик талабига тўлиқ мос келиши, белгиланган тартибда ва муддатда мурожаат қилинганлигидан келиб чиқиб, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш юзасидан ўз хулосасини тақдим этган.

Юқоридагиларга мувофиқ, мажлисда Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудовани ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотни ўтказиш масалалари муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Қарор билан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши қайд этилиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби Республика газеталарида ҳамда 24 номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.

Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя этиши лозим.

Мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 9 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 39 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур