Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Туркия Олий сайлов кенгаши ўзаро ҳамкорликни Меморандум билан мустаҳкамлади

25.11.2026

162

msk_yangiliklari_in

Туркия Олий сайлов кенгашининг таклифига кўра Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация турли давлат сайлов органлари раҳбарлари ва экспертларини илғор тажрибалар алмашиш ҳамда сайлов соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган нуфузли халқаро майдон бўлмиш Халқаро сайлов форумида иштирок этмоқда.

Ташриф дастурининг муҳим воқеалардан бири Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Туркия Олий сайлов кенгаши ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши бўлди. Ҳужжат тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади ҳамда икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқади. 

Меморандум ҳар икки мамлакат сайлов тизимларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли вазифаларни қамраб олади. Биргаликдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат: ҳуқуқий базани такомиллаштириш, яъни сайлов ва референдумлар тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш; технологиялар ва хавфсизлик - замонавий ахборот-коммуникация ечимларини жорий этиш ҳамда сайлов инфратузилмасининг киберхавфсизлигини таъминлаш; сайловларни ташкил этиш ва молиялаштириш - сайлов кампанияларини ўтказиш ва сайловларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий ишланмаларни бўлишиш; таълим ва маърифат йўналишида сайлов ташкилотчиларининг касбий малакасини ошириш ҳамда сайлов жараёни барча иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш.

Томонлар белгиланган режаларни амалий ҳамкорликнинг бир қатор шакллари орқали амалга оширишга келишиб олишди.

Жумладан, ҳамкорлик ҳар икки мамлакатда сайлов тартиб-таомилларини ўрганиш мақсадида кузатувчиларни сайлов ва референдумларга ўзаро таклиф этишни назарда тутади. Бундан ташқари, идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳам ўз ичига олган ахборот, услубий ва таҳлилий материаллар билан мунтазам алмашиб турадилар. Ҳамкорлик дастури шунингдек, маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадида делегациялар ва экспертларнинг ўзаро ташрифларини, қўшма конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларини ташкил этишни ўз ичига олади. Зарурат туғилганда томонлар ўзаро келишув асосида ишнинг бошқа шаклларидан ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади.

Меморандумнинг имзоланиши идораларнинг шаффоф ва конструктив мулоқот ҳамда билим ва кўникмаларни ўзликсиз алмашинувидан ўзаро манфаатдорлигининг тасдиғи бўлди.

Делегациянинг Анталиядаги халқаро сайлов форуми доирасидаги иши давом этмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур