2026 йил 13-17 октябрь кунлари Филиппин Республикасининг Манила шаҳрида Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциациясининг (A-WEB) 7-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир сайлов органлари ассоциациясига аъзо бўлган турли давлатларнинг миллий сайлов органлари вакилларини бир майдонда жамлаб, сайлов тизимларини ривожлантириш, сайлов жараёнларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Ассамблея доирасидаги тадбирларда мамлакатимиз номидан Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров ва Комиссия аъзоси Г. Рахимовалар иштирок этди.
Форум доирасида Ўзбекистон учун муҳим воқеалардан бири мамлакатимизнинг сайлов тизимини рақамлаштириш соҳасида эришган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилгани бўлди.

БСОА Ижроия кенгашининг 14-йиғилиши доирасида ташкил этилган танлов якунларига кўра, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси энг яхши амалиётлар ва ташаббуслар учун БСОА мукофотига сазовор бўлиб, ғолиблар қаторига кирди.
Мукофот совриндорларининг якуний сони аризалар топширишдаги умумий фаоллик, мукофотнинг юксак мақоми ва баҳолаш балларининг тақсимоти ҳисобга олган ҳолда ўтказилган атрофлича таҳлил асосида шакллантирилди. Кучли рақобат шароитида Ўзбекистон МСК лойиҳаси ғолиблар қаторига киритилгани унинг сайлов тизимларини ривожлантириш ва сайловларни бошқариш амалиётини такомиллаштиришга қўшган салмоқли ҳиссаси эътироф этилганидан бевосита далолат беради.
Ўзбекистон билан бир қаторда Албания Марказий сайлов комиссияси (хорижда истиқомат қилувчи сайловчиларни рўйхатга олиш ва сайловчилар рўйхатларини бошқариш учун электрон платформани ишлаб чиққани) ва Мексика Миллий сайлов институти (янги сайлов ислоҳоти доирасида сайлов жараёнини муваффақиятли ташкил этгани учун) юксак мукофотларга сазовор бўлди.

Ғолиб деб топилган ташаббуслар Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциациясининг веб-порталида эълон қилинади. Мазкур платформа сайловларни бошқариш соҳасидаги билимлар ва илғор тажрибаларнинг ягона базаси вазифасини бажариб, дунёнинг 110 та мамлакатида фаолият юритаётган БСОАга аъзо 120 та ташкилот учун стратегик ишланмалар ва илғор тажрибалардан фойдаланиш имкониятини яратади.

Мамлакатимизнинг сайлов соҳасидаги ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилгани сайловларни ташкил этиш ва бошқаришда рақамли воситаларни жорий этиш борасида Ўзбекистон тажрибасига халқаро қизиқиш юқори эканининг ёрқин тасдиғи бўлди. Шунингдек, мазкур эътироф илғор тажрибалар алмашинуви ҳамда сайловларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён этди.
Марказий сайлов комиссияси