Ўзбeкистон дeлeгацияси Қозоғистонда бўлиб ўтган конституциявий рeфeрeндум жараёнлари кузатувида иштирок этди

16.03.2026

231

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация 2026 йилнинг 15 март куни бўлиб ўтган Қозоғистон Республикаси янги Конституцияси лойиҳаси бўйича республика референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини халқаро кузатув дастурида иштирок этди.

 

Қозоғистон Республикаси Референдум бўйича марказий комиссияси томонидан 38 та хорижий давлат ва 11 та халқаро ташкилотдан 359 нафар вакиллар аккредитациядан ўтказилди.

 

Ўзбекистон делегацияси МСК аъзолари ва МСК Котибияти ходимларидан иборат бўлди. Шунингдек, делегация таркибига парламент палаталари аъзолари ҳамда Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий сайлов комиссиялари вакиллари ҳам киритилди.

 

14 март куни делегация аъзолари Қозоғистон РМК томонидан ташкил этилган брифингда иштирок этдилар.

 

 

 

Таъкидланганидек, референдумга қуйидаги савол қўйилди: “2026 йилнинг 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?”.

 

Республика референдуми тайинланган пайтдан бошлаб тегишли сайлов комиссиялари референдум комиссиялари функцияларини бажариб, референдумга тайёргарлик ва ўтказишни амалга оширдилар. Референдум тайинланган кундан бошлаб овоз бериш кунигача бўлган сайлов кампаниясининг умумий давомийлиги 32 кунни ташкил этди.

 

 

 

Референдумга тайёргарлик жараёнида жами 10 388 та овоз бериш участкаси ташкил этилди. Участкалар фуқароларнинг доимий яшаш жойларида ҳамда вақтинча бўлиб турган жойларида ташкил қилинди. Шу билан бирга, 64 та хорижий давлатда 82 та участка жойлаштирилди. Референдум куни 55 та хорижий давлатда 71 та участка фаолият юритди.

 

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий сони 12 461 796 нафарни ташкил этди.

 

Таъкидланганидек, тайёргарлик жараёнида комиссия аъзоларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилди. Турли даражадаги комиссия аъзоларининг 71 минг нафардан ортиғини қамраб олган 5 800 дан зиёд ўқув семинарлар ўтказилди. Бундан ташқари, ҳудудларда референдум жараёни иштирокчиларининг қарийб 3 800 нафари қатнашган 170 дан ортиқ мавзуга оид семинарлар ташкил этилди.

 

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Сайлов таълими маркази платформасида аккредитациядан ўтган жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус онлайн семинар ташкил этилди. Тадбирда 500 нафардан ортиқ киши иштирок этди.

 

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон делегацияси раҳбари З. Низамходжаев Қозоғистон РМК раиси Н. Абдиров билан учрашув ўтказди.

 

   

 

Учрашув доирасида конституциявий референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг жорий ҳолати ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

 

Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 


 

Сукунат куни делегация аъзолари референдумни ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида пойтахтдаги комиссиялар фаолияти билан танишдилар.


   

 

15 март куни делегация аъзолари референдумни халқаро кузатиш миссиялари доирасида Остона шаҳри ва унинг атрофида, шунингдек Сариағаш ва Чимкент шаҳарларида жойлашган участкаларга ташриф буюрдилар.

 

 

 

 

Овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан соат 7:00 дан 20:00 гача давом этди.

 

Делегация аъзолари референдум участкаларида овоз бериш жараёнини қулай ва тўсқинликсиз шароитларда ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини қайд этдилар.

 

   

 

Референдум ўтказилаётган даврда ушбу шаҳарларда бўлган фуқаролар расмий ҳужжат ҳисобланган ва доимий рўйхатдан ўтган жойидан ташқарида яъни ўзлари танлаган исталган овоз бериш участкасида овоз бериш имконини берувчи овоз бериш гувоҳномасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

 

     

 

Участкаларда янги Конституция лойиҳаси матни билан танишиш, шунингдек унинг қозоқ ва рус тилларидаги аудио версиясини тинглаш имконияти ҳам таъминланди.

 


 

16 март куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари референдумнинг дастлабки натижалари тақдим этилган РМК брифингида иштирок этдилар.

 

   

 

Маълум қилинишича, Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ референдумнинг якуний натижалари РМК томонидан чиқарилади ҳамда улар овоз бериш кунидан кейин етти кун ичида эълон қилиниши лозим.

 

Эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, бутун Қозоғистон бўйича овоз беришда қатнашганлар сони овоз бериш рўйхатларига киритилган фуқароларнинг 73,12 фоизини ташкил этди.

 

Референдумга қўйилган масала бўйича ижобий қарорни қўллаб-қувватлаб овоз берган фуқаролар сони 7 миллион 954 минг 667 нафарни ёки 87,15 фоизни ташкил этди.

 

 

Шунингдек, делегация аъзолари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий Давлатлар Ташкилотидан референдумни кузатиш бўйича миссиялар брифингларида ҳам иштирок этдилар.

 

 

 

Делегация ташрифи доирасида МСК раиси З. Низамходжаев хорижий ҳамкасблари ва халқаро кузатув миссиялари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур