Ўзбекистон Республикаси МСК раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация Беларусь Республикаси Президенти сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари кузатувини бошлади.
Бугун Минск шаҳрида Ўзбекистон МСК раиси З.Низамходжаев ва Беларусь МСК раиси И.Карпенко ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон МСК раиси З.Низамходжаев Беларусь Президенти сайловлари каби мамлакатнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиш учун таклиф қилгани учун И.Карпенкога ўз миннатдорчилигини билдирди.
Учрашув иштирокчилари сайлов соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасига алоҳида эътибор қаратдилар.
Таъкидланганидек, ҳар икки мамлакат МСКлари Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси (БСОА) ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Икки давлат сайлов органлари сайлов тизимини янада ислоҳ қилиш, уни барқарорлик ва инклюзивлик, шаффофлик ҳамда қонунийликни таъминлашга қаратилган фаол ҳаракатларни амалга оширмоқда.
"Умумий мақсад ва тамойилларимизни ҳисобга олган ҳолда, ўтган йили ҳамкорлигимизни расмийлаштириб, Ўзбекистон ва Беларусь МСКлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Протоколни имзоладик. Бу бизнинг шериклик муносабатларимизни янги даражага олиб чиқди", – деди З.Низамходжаев.
У, шунингдек, ҳар икки давлат сайлов органлари ўртасида доимий равишда тажриба, ахборот ва илғор амалиёт алмашинуви амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди. Миллий сайлов кампанияларини мониторинг қилиш учун кузатувчиларни ўзаро таклиф қилиш ҳамкорликнинг самарали шаклларидан бири эканлиги таъкидланди.
Бу галги ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси икки томонлама ҳамкорлик доирасида нафақат Марказий сайлов комиссияси, балки Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) вакилларидан иборат таркибда МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Миллий Мажлис палаталари таклифига кўра кузатувчи миссиясида иштирок этмоқда.
Беларусь МСК раиси И.Карпенко Ўзбекистон делегациясининг президентлик сайловларини халқаро кузатишда иштирок этаётганини қутлар экан, мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеага бўлган бундай эътибор учун миннатдорлик билдирди.
И.Карпенко сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари тўғрисида маълумот берди. Беларусь Президенти сайловини кузатиш учун 474 нафар халқаро кузатувчи аккредитация қилинган бўлиб, улар орасида МДҲ миссия вакиллари жами 280 нафар, шундан Ижроия қўмита (216 нафар) ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (64 нафар), МДҲ давлатлари парламент вакиллари (10 нафар), ШҲТ (17 нафар), КХШТ (16 нафар), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари конференцияси ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати ёшлар ташкилоти (2 нафардан), шунингдек, 35 нафар хорижий мамлакат сайлов органи вакиллари ва 112 нафар мустақил эксперт вакиллари мавжуд.
Шунингдек, И.Карпенко сайлов участкаларининг жиҳозланиши ва овоз беришга тайёргарлигини текшириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот бериб, ногиронлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрилган чора-тадбирларга тўхталди. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларга алоҳида эътибор қаратилганлигини, ушбу мақсадларда сайлов участкаларида видеокузатув камералари ва махсус огоҳлантириш тугмалари ўрнатилганлигини маълум қилди.
И.Карпенко, шунингдек, Беларусь Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича Жамоатчилик кузатув маркази фаолияти бошлангани ҳақида маълумот берди. Ушбу Марказ сайлов жараёнини кузатиш учун мамлакатнинг йирик жамоатчилик бирлашмалари ва сиёсий партиялари вакилларини бирлаштирган. Мамлакатдаги сайлов жараёнини жами 44 361 нафар маҳаллий кузатувчилар назорат қилмоқда.
21 январдан 25 январга қадар мамлакат бўйлаб ўтказилаётган муддатидан олдин овоз бериш жараёнига тўхталиб ўтиб, у муддатидан олдин овоз бериш фуқароларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини намоён этишини алоҳида қайд этиб ўтди. Икки кун давомида муддатидан олдин овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг шу вақтга қадар 17,67 фоизи иштирок этган.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон МСК аъзолари А.Фарманов ва Г.Рахимовалар ҳам иштирок этишди.
Марказий сайлов комиссияси