Шу кунларда мамлакатимизда жонажон Ватанимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кўтаринки руҳ ва байрамона кайфият билан кенг нишонланмоқда. Барча юртдошларимизни ана шу улуғ ва муқаддас айём билан чин қалбдан табриклаймиз.
Бу йил энг азиз байрамимиз “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида нишонланаётгани чуқур рамзий маънога эга. Зеро, ўтган ўттиз беш йил давомида эришган барча ютуқларимиз замирида халқимизнинг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ва Ватанга бўлган чексиз муҳаббати мужассамдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим ва тарбия, аҳоли фаровонлиги, ижтимоий ҳимоя ҳамда инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлари сифатида мустаҳкам қарор топган. Юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларимиз эса халқимиз фаровон ҳаётининг энг мустаҳкам кафолатидир.
Алоҳида қувонарли жиҳати шундаки, бугун мустақиллик йилларида туғилиб, вояга етган авлод юрт тараққиётининг фаол иштирокчисига айланди. 1991 йилда туғилган ёшлар бугунги кунда давлат бошқарувида, иқтисодиёт, илм-фан, таълим ва юқори технологиялар соҳаларида дадил фаолият юритмоқда. Ана шу янги авлоднинг билими, изланувчанлиги ва Ватанга дахлдорлик туйғуси — мустақиллигимизнинг энг қимматли ва энг ишончли натижасидир.
Бугун озод ва обод Ватанимизда яшаётганимиздан фахрланиш баробарида, мустақиллигимизнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ва юртимиз равнақи йўлида ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз муқаддас бурчимиздир.
Ушбу муборак кунларда энг аввало, эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз. Ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файз-у барака, қувонч ва тотувлик аримасин. Ватанимиз равнақи йўлидаги хайрли ишларингизда ҳамиша юксак муваффақиятлар ёр бўлсин!
Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси жамоаси