Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёнларини янада такомиллаштириш, сайлов қонунчилигини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда сайлов амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўтказилган сайловлар жараёнини таҳлил қилиш, сайловларни кузатиш миссияларининг тавсияларини ўрганиш натижасида Комиссиянинг 2026 йилга мўлжалланган иш режаси доирасида сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилмоқда.

Жумладан, сайлов комиссияларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш, сайлов округлари ва участкаларини тузиш услубияти, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бўшаб қолган ўринларига сайловларни ўтказиш, номзодларни кўрсатиш ва рўйхатга олиш тартиби, сайлов жараёнида мурожаатлар билан ишлаш каби масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид таҳлилий материаллар ва таклифлар мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, уларни амалиётга жорий қилиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.

Шунингдек, МСК аъзолари ва Котибият ходимлари томонидан участка сайлов комиссиялари аъзолари учун услубий қўлланмалар ва ўқув видеоматериаллар тайёрлаш, сайлов жараёнини рақамлаштиришни янада ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартибини такомиллаштириш ҳамда Комиссия фаолиятини ахборот билан таъминлаш ва сайловчилар учун ахборот-тушунтириш материаллари тайёрлашда замонавий дастурий воситаларни қўллаш бўйича тегишли таклифлар тайёрланди.

Таклифларни кўриб чиқиш давомида Комиссия раҳбарияти ва аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар асосида тегишли услубий қўлланмалар ва ўқув материаллари такомиллаштирилмоқда, шунингдек сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу ишлардан кўзланган асосий мақсад — сайлов жараёнларини ташкил этишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини янада такомиллаштириш, амалиётда юзага келаётган масалаларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда сайлов жараёни иштирокчилари учун қулай ва замонавий шароитларни таъминлашдан иборат.

Матбуот хизмати