2024 йил 27 октябрь куни “Менинг овозим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ва энг мақбул хорижий амалиётлар, мамлакатимизнинг сайловлар соҳасидаги миллий қонунчилиги ва бой тажрибасига биноан юқори савияда ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, сайловларда иштирок этган кўплаб халқаро ва хорижий кузатувчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон миллий сайлов амалиётида илк маротаба миллий парламентимизнинг қуйи палатасини шакллантиришда аралаш сайлов тизими амалиётга киритилди. Сайловлар сайлов комиссияларининг янги марказлашган тизими томонидан ўтказилди.
Илк бора “Е-saylov” ахборот тизимининг жорий этилганлиги жараёнидаги бюрократик тўсиқларни кескин камайтириш ва шаффофликни оширишда муҳим аҳамият касб этди. Яна бир муҳим янгилик – электрон овоз бериш имкониятларидан синов тариқасида амалиётда фойдаланиш бўлди. Бу истиқболдаги сайловларни ташкил этиш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди. Айтиш лозим, бу мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги мутлақо янги амалиёт бўлди.
2024 йилда бўлиб ўтган сайловлар жараёнини таҳлил қилиш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни шунингдек миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 6-17 февраль кунлари сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорликда онлайн давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида ҳудудий, туман (шаҳар) сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимликлар мутахассислари, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш жараёнларида иштирок этган тренерлар ҳамда сайлов жараёнларида фаол иштирок этган давлат органлари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати давомида сайлов участкалари ва сайлов округларини тузиш, уларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш, шу жумладан сайлов комиссиялари аъзолари ва бошқа ташкилотчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш, сайлов жараёнларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакилларини ҳамда кузатувчиларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайловчиларнинг электорал маданиятини юксалтириш, сайловларда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш каби энг муҳим йўналишлардаги масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Ўз ўрнида, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, йўналишларга ажратилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг тегишли бўлимларига чуқур ўрганиш ва улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун тақдим этилди.
Давра суҳбати давомида билдирилган фикрлар ва таклифларни умумлаштирилган ҳолда сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати