Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби Х. Маматов ва Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари С. Назаров Латвия Республикаси 15-Сейми депутатлари сайловини халқаро кузатиш дастурида иштирок этди.
Халқаро кузатув дастури сайлов жараёнини мониторинг қилиш, шунингдек, сайловларни ташкил этиш ва маъмурий бошқариш соҳасида тажриба алмашишга қаратилди.
Ташриф доирасида делегацияси аъзолари Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси М. Звиедриснинг брифингида қатнашдилар. Латвия Марказий сайлов комиссияси раҳбари хорижлик ҳамкасбларига мамлакат миллий сайлов тизими ва сайлов маъмурияти фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари бўйича тақдимот ўтказди.

Ўзбекистон МСК вакиллари 28 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёни билан танишдилар. Ушбу имконият асосий сайлов кунида сайлов участкаларига келиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун яратилган.
Бевосита сайлов куни — 3 октябрда халқаро кузатувчилар жараённинг барча босқичларини: сайлов участкаларининг очилиши ва овоз бериш боришидан тортиб, участкаларнинг ёпилиши ҳамда овозларни санаб чиқишгача бўлган босқичларни кузатиб бордилар.
Шу куни Латвияда жами 933 та сайлов участкаси фаолият кўрсатди, шундан 158 таси Рига шаҳрида жойлашган. Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари соат 8:00 дан 20:00 гача давом этди.

Ташрифнинг сўнгги кунида делегация аъзолари Латвия МСК биносида сайловчилар томонидан почта орқали берилган овозларни санаб чиқиш жараёнида ҳам иштирок этдилар.
Ушбу дастурдаги иштирок Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакилларига сайловларни бошқариш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва латвиялик ҳамкасблар билан профессионал ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берди.
Латвиядаги парламент сайловларини халқаро кузатиш дастурида бир қатор хорижий мамлакатлар сайлов органларининг вакиллари иштирок этди. Жумладан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) экспертлар миссияси 2026 йилнинг 15 сентябридан 8 октябрига қадар Рига шаҳрида сайлов жараёнларини кузатиб, умумий баҳо берди.
Марказий сайлов комиссияси