Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев сайловлар халқаро кузатувида иштирок этди

23.09.2026

79

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2026 йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг тўққизинчи чақириқ депутатлари сайловлари халқаро кузатуви дастурида иштирок этди.

 

Овоз бериш кунларида сайлов жараёнларини 113 та давлат ва 13 та халқаро ташкилотдан 1 126 нафар халқаро кузатувчилар ва сайлов жараёни бўйича экспертлар кузатиб борди. Расмий халқаро кузатув миссиялари таркибига БРИКС мамлакатлари Парламент ҳаракати, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби нуфузли халқаро ва минтақавий бирлашма вакиллари киритилди.

 

Сайловларни кузатиш жараёнида МДҲ минтақаси мамлакатларининг марказий сайлов органлари, шунингдек, Яқин Шарқ, Африка ва Осиё давлатларининг сайлов органи вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Марказий сайлов комиссияси аъзолари, МСК Котибияти ходимлари ҳамда парламент вакиллари ўрин олди.

 

   

 

Халқаро кузатув дастури доирасида 17-21 сентябрь кунлари фаолият юритган Россия МСК ҳузуридаги Ахборот маркази фаолиятининг бошланишида иштирок этилди. Мазкур даврда Ахборот марказида сайлов тизимининг сайловларга тайёргарлиги, овоз бериш жараёнини ташкил этиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда сайлов жараёнининг бошқа жиҳатларига бағишланган брифинглар ўтказилди.

 

Дастурнинг асосий тадбирларидан бири Турбулентлик даврида сайловлар мавзусида икки кунлик халқаро илмий-амалий конференция бўлди.

 

Конференция замонавий чақириқлар шароитида сайлов тизимларини ривожлантириш ва сайловларни ташкил этишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди. Унда сайлов инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги, рақамли технологиялардан фойдаланиш, шунингдек, овоз бериш жараёнини ташкил этишнинг янги ёндашувлари каби масалалар муҳокама қилинди.

 

Конференция ва дастур доирасидаги бошқа тадбирлар давомида сайлов органи ҳамда халқаро ташкилот вакиллари сайлов жараёнини самарали ташкил этиш бўйича амалий тажриба ва ёндашувлар билан ўзаро алмашдилар.

 

Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси МСК делегациясининг Россия Федерацияси МСК Раиси Э. Памфилова билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, икки давлат сайлов органлари ўртасидаги касбий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

 

 

Ўзбекистон делегацияси вакиллари, шунингдек, РФ Жамоат палатаси майдонида фаолият юритган Давлат Думаси сайловларини жамоатчилик томонидан кузатиш бўйича Вазият марказига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида жамоатчилик назоратини ташкил этиш, овоз бериш жараёнини мониторинг қилиш механизмлари ҳамда овоз беришнинг турли шакллари, жумладан, масофавий электрон овоз беришни кузатишда техник воситалардан фойдаланиш амалиёти билан танишилди.

 

20 сентябрь – Ягона овоз бериш кунида делегация аъзолари сайлов жараёнини сайлов участкаларининг очилишидан тортиб, овоз бериш жараёни якунланишига қадар бўлган турли босқичларда бевосита кузатиб бордилар. Кузатув давомида делегация вакиллари Москва шаҳри, Санкт-Петербург шаҳри, Москва ва Рязань вилоятларида жойлашган 50 дан зиёд сайлов участкасига ташриф буюрдилар.

 

     

 

Сайлов участкаларини кузатиш жараёнида делегация аъзолари сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этишни таҳлил қилдилар, сайловчилар учун яратилган шароитлар, шунингдек, овоз бериш тартиби билан танишдилар. Бунда белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилганлиги, сайлов участкаларининг сайловчилар учун очиқ ва қулайлиги, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини эркин амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларнинг таъминланганига алоҳида эътибор қаратилди.

 

   

 

21 сентябрь куни делегация Россия Федерацияси МСКнинг сайловларнинг дастлабки натижалари тақдим этилган брифингида иштирок этди. Шунингдек, делегация халқаро кузатув миссиялари томонидан ташкил этилган матбуот анжуманларида иштирок этиб, уларда сайловлар бўйича кузатув натижалари муҳокама қилинди.

 

Халқаро кузатувнинг якуний тадбирлари доирасида хорижий давлатларнинг марказий сайлов органлари делегациялари раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон МСК Раиси З. Низамходжаев Ўзбекистон делегациясининг фаолияти ҳақида маълумот бериб, сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.

 

   

 

Ўзбекистон делегациясининг РФ Давлат Думаси сайловларида халқаро кузатувда иштирок этиши сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан касбий тажриба алмашишни давом эттириш, шунингдек, сайлов жараёнини ташкил этиш ва рақамли ечимларни қўллашнинг замонавий ёндашувлари билан танишиш имконини берди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур