Марказий сайлов комиссияси Глобал сайлов форумида: БСОА Бош Ассамблеясида делегация иштироки якунлари

19.10.2026

137

msk_yangiliklari_in

Аввал хабар берилганидек, 2026 йил 13-17 октябрь кунлари Филиппин Республикасида (Манила шаҳри) Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциациясининг (БСОА) 7-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

 

 

БСОА 2013 йил октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, сайлов органлари ўртасида профессионал ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи энг йирик халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ассоциация 110 та мамлакатнинг 120 та сайлов органини бирлаштирган. Унинг Котибияти Инчхон шаҳрида (Корея Республикаси) жойлашган.

 

Ўзбекистон БСОА ташкил этилган пайтдан бошлаб унинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Ҳамкорликни ривожлантириш доирасида 2016 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ассоциация ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланган. Шунингдек, 2017 йил октябрь ойидан 2022 йил октябрь ойига қадар Ўзбекистон МСК БСОА Ижроия кенгаши таркибига кирган ҳамда сайлов соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган жараёнларда фаол иштирок этган.

 

7-Бош ассамблея кун тартибидаги муҳим масалалардан бири Ассоциациянинг янги икки йиллик давр учун бошқарув органларини шакллантириш бўлди. Йиғилиш якунларига кўра, БСОАга раислик ваколати Филиппин Республикаси Сайлов комиссиясига (COMELEC) ўтди, Перу Миллий сайлов жюриси эса Ассоциация раисининг ўринбосари этиб сайланди. Корея Республикаси вакили Ан Наэ-Хён БСОА Бош котиби лавозимига қайта сайланди. Ассоциация Котибияти ўз фаолиятини Корея Республикасида давом эттиради.

 

 

 

Йиғилиш якунларига кўра, БСОА аъзолари таркиби ҳам кенгайди. Ассоциация сафига Иордания Мустақил сайлов комиссияси, Черногория Давлат сайлов комиссияси, Мексика Федерал суд ҳокимиятининг Сайлов трибунали, шунингдек, “Марказий Африкада сайловларни бошқариш органлари тармоғи” халқаро бирлашмаси қабул қилинди.      

 

 

 

БСОА Ижроия қўмитасининг янги таркибидан Аргентина, Бутан, Конго Демократик Республикаси, Индонезия, Малави, Монголия, Фаластин, Перу, Пуэрто-Рико, Самоа ва Сенегал сайлов органларининг вакиллари ўрин олди.

 

 

Бош ассамблеянинг иккинчи куни доирасида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси аъзолари БСОА ҳамда Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси (ААЕА) ҳомийлигида ташкил этилган “Технологиялар, ишонч ва сайловчи: сунъий интеллект даврида сайловларни ҳимоя қилиш” мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этди.

 

Ташкил этилган икки сессия доирасида Осиё, Африка, Европа, Лотин Америкаси ва Тинч океани минтақаси мамлакатларининг сайловларни бошқариш органлари вакиллари замонавий даврнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилдилар. Иштирокчиларнинг асосий эътибори ахборот маконидаги манипуляцияларга қарши курашиш, сайловчилар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда сайлов органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларига қаратилди.

 

 

 

Шунингдек, овоз бериш кунидаги ишларни ташкил этиш, овоз бериш натижаларининг ишончлилигини таъминлаш ва сайлов низоларини ҳал этиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокамаларнинг амалий қисми Филиппин Сайлов комиссияси томонидан қўлланиладиган овозларни автоматик санаш тизимининг ишлаш жараёнини намойиш этиш орқали янада бойитилди.

 

Ташриф дастурининг муҳим қисмини Ўзбекистон делегациясининг Филиппин Республикаси Сайлов комиссияси раиси Ж. Гарсия, шунингдек, хорижий сайлов органлари раҳбарлари билан ўтказган икки томонлама учрашувлари ташкил этди. Музокаралар давомида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида тажриба алмашиш, сайловларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Бундан ташқари, делегация аъзолари Филиппин Республикаси Сайлов комиссиясига ташриф буюрдилар. Ташриф доирасида тегишли департаментларда ишчи учрашувлар ва идора Котибияти раҳбари билан музокаралар ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегациясининг БСОА 7-Бош ассамблеясида иштироки хорижий ҳамкасблар билан профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, замонавий сайлов тизимини ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг амалий тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш имконини бевосита яратиб берди.

 

17 октябрь куни халқаро тадбирлар дастури Филиппин Сайлов комиссияси раислигида Осиё Сайлов Органлари Ассоциациясининг Бош ассамблеяси билан давом этди.

 

 

 

Йиғилиш кун тартибидан Ассоциациянинг доимий Котибиятини Ҳиндистон Республикасининг Нью-Дели шаҳрида ташкил этиш, ташкилот Низомига ўзгартишлар киритиш, 2026-2028 йиллар даври учун Раислик ваколатларини топшириш, шунингдек, янги муддатга раис ўринбосари ва Ижроия кенгашининг беш нафар аъзосини сайлаш масалалари ўрин олди.

 

1998 йилда ташкил этилган мазкур ташкилот Осиё мамлакатлари сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим минтақавий майдон ҳисобланади. Ассоциация фаолияти очиқ ва шаффоф сайловлар ўтказишга кўмаклашиш, сайлов органларининг мустақиллиги ва холислигини мустаҳкамлаш, сайлов маъмуриятларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг овоз беришдаги иштирокини кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишга қаратилган.

 

   

 

Ҳозирги кунда Ассоциация 20 та иштирокчини бирлаштирган бўлиб, улар қаторида 2014 йилдан буён ташкилот аъзоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳам мавжуд. 2022-2024 йилларда Ўзбекистон МСК ОСОА Ижроия кенгаши аъзоси бўлган.

 

Мамлакатимиз Ассоциациянинг асосий тадбирлари — халқаро конференциялар, семинарлар ва тажриба алмашиш дастурларида фаол иштирок этиб, минтақадаги сайлов тизимларини такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур