Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган учрашувлар юзасидан

24.10.2024

1849

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссиясида 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини кузатиш бўйича кузатувчилар миссияси ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилди.

 

Кунинг биринчи ярмида Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг қисқа муддатли кузатувчилар миссиясининг махсус мувофиқлаштирувчиси ва раҳбари, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг Иқтисодий ишлар, фан, технологиялар ва атроф-муҳит бўйича бош қўмита раиси Азей Гулиев билан учрашди.

 

 

Учрашув чоғида, 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларга, хусусан, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш миссияларининг натижалари бўйича ҳисобот ва хулосалардаги тавсияларни миллий қонунчилигимизга ва амалиётимизга имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тафсилотига тўхталиб ўтилди.

 

 

Шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтиладиган сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари, аёллар ва ногиронлиги бўлган инсонларга яратилаётган шароитлар юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди.

 

 

Куннинг иккинчи ярмида, Ҳиндистон сайлов комиссияси Бош комиссари  Раджив Кумар билан учрашув ўтказилди.

 

 

Мулоқот жараёнида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Марказий сайлов комиссиялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб борилаётгани, мазкур дўстона муносабатлар ҳамда ҳозирда Ҳиндистон МСК раислик қилаётган Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси доирасида тажриба алмашинувининг йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.

 

 

Шундан келиб чиқиб, мазкур алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ҳиндистон сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

       

 

Таъкидланганидек, меморандум доирасида сайловлар соҳасида тажриба алмашинуви ва малака ошириш лойиҳалари такомиллаштириб борилади.

 

 

Учрашув иштирокчилари сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан танишар экан сайлов тартиб-тамойилларининг такомиллаштирилиши бўйича бажарилаётган ишларга ижобий баҳо бериб, бу бўлажак сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтказилишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур