Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Халқаро кузатувчилар сайлов жараёнини олқишламоқда

09.07.2023

2092

msk_yangiliklari_in

Бугун, 9 июль куннинг иккинчи ярмида Марказий сайлов комиссиясида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган кузатувчилар билан учрашувлар ўтказилди.

 

Улар қаторида Хитой Халқ Республикаси ТИВ элчиси Ван Кайвен, Россия Федерацияси МСК раиси ўринбосари Николай Булаев, Туркманистон МСК раиси Гулмурад Мурадов, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин бошчилигида делегациялар ташриф буюришди.

Учрашувда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қонунчилик талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани маълум қилинди.

 

Кузатувчилар сайлов жараёнларига Марказий сайлов комиссияси томонидан халқаро стандартларга мувофиқ юқори савияда тайёргарлик кўрилганлиги, сайлов комиссиялари ўз фаолиятини сайлов қонунчилигига кўра амалга ошираётганлигини алоҳида эътироф этди. Сайлов кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтаётганлиги, сайловчиларнинг фаоллиги таъкидлаб ўтилди.

Хитой Халқ Республикаси ТИВ элчиси Ван Кайвен:

 - Бугун кун давомида 7 та сайлов участкасида бўлдик. Сайловчилар билан, сайлов комиссияси аъзолари билан суҳбатлашдик. Ишонч билан айта оламанки, ушбу сайлов жараёнларига Марказий сайлов комиссияси юқори даражада тайёргарлик кўрган. Қисқа муддат ичида ушбу йирик сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш учун МСК жуда қаттиқ меҳнат қилганлиги кўриниб турибди. Сайловчиларнинг кайфияти юқори даражада. Улар жуда ҳам фаол. Айниқса ёшларнинг сайлов участкаларида фаол эканликларига гувоҳ бўлдик.

Россия Федерацияси МСК раиси ўринбосари Николай Булаев:

- Ўзбекистонда ўтказилган бир неча сайлов кампанияларни кузатиб борганмиз. Бу сафарги сайловда фуқароларнинг сайловдаги иштироки юқори эканлигини таъкидламоқчиман. Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини халқаро стандартларга кўра юқори савияда амалга оширди. Сайловчилар учун эркин овоз бериш имконияти яратилган. Ногиронлиги бор шахсларга ҳам биз ташриф буюрган участкаларда барча имкониятлар мавжуд эди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати эса сайлов жараёнларининг янада шаффоф ва адолатли ўтишига ёрдам беради. Марказий сайлов комиссияси барча даражадаги комиссия аъзоларини сифатли тарзда ўқитганлиги Самарқанддаги учрашувларимизда аён бўлди. Улар сайлов қонунчилиги талабларидан хабардор ва ўз ишига масъулият билан ёндашмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин:

- Бизнинг кузатувчилик фаолиятимиз бир неча кун олдин бошланди. Биз эрталаб сайлов участкаларининг очилишида иштирок этдик. Барчаси қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдик. Миссиямиз 6 гуруҳга бўлинган ҳолда бир неча ўнлаб сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини кузатдик. Шахсан ўзим сайлов участкаларига ота-оналар ўзлари билан ҳали сайлов ёшига етмаган фарзандларини олиб келганидан хурсанд бўлдим. Чунки болаларнинг сайлов участкасига келиб, овоз бериш тартибидан, сайлов жараёнларидан хабардор бўлишга интилишлари қувонарли ҳолат. Сайловчиларнинг сайловдаги фаол иштироки Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнлари тўғрисида аҳолини хабардор қилишда кенг миқёсда ишлар олиб борганлигидан далолат беради.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот маркази

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур