Халқаро сайлов органлари вакиллари бўлиб ўтган сайлов жараёнларини юқори баҳолашди

28.10.2024

505

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда йирик сиёсий тадбир – Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтди. Янгиланган сайлов қонунчилиги бўйича ўтказилган бу йилги давлат вакиллик органлари сайловлари хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, сайлов органлари томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилди. Сайловларни кузатишда жами 851 нафар халқаро ва хорижий кузатувчилар иштирок этди.

 

Бугун 28 октябрь куни сайловларни кузатишда иштирок этган қатор сайлов органларининг вакиллари Комиссия Раиси З.Низамходжаев билан учрашди.

 

Қизғин ва таассуротларга бой тарзда ўтган учрашувлар АҚШнинг Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи Маккорник, Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Бин Моҳамед, Мўғулистон Умумий сайлов комиссияси раиси Пурвейе Делгернарн бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокида бўлди.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилди, сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникацион технологиялар жорий қилинди. Хусусан “E-Saylov” ахборот тизими, унинг афзалликлари ва имкониятлари, шунингдек биринчи маротаба сайловларда электрон овоз бериш қурилмаси синовдан ўтказилганлиги қайд этиб ўтилди.

 

Сайлов кампанияси тадбирлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилиши учун барча зарур чоралар кўрилганлиги ва сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ҳақидаги назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш борасида қилинган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

 

Ўз ўрнида сайлов органлари вакиллари сайловга оид жараёнлар, сайлов участкаларидаги кузатувлари юзасидан фикр мулоҳазаларини билдирар экан сиёсий тадбир юқори даражада, халқаро стандартларга мувофиқ, ҳатто ҳозирги кунда кўплаб давлатларда учрамайдиган янгиликларга бой тарзда ўтганлигини эътироф этишди.

Хусусан, АҚШнинг Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи Маккорник республиканинг турли ҳудудларида бўлиб сайлов участкаларидаги жараёнлар билан танишиш чоғида сайлов комиссиялари аъзоларининг профессионаллигига, сайловчилар учун яратилган имкониятлар ва ташкилий ишлар юқори даражада эканлигига гувоҳ бўлганлигини, шунингдек, сайлов жараёнларига татбиқ қилинган электрон овоз бериш қурилмалари кўплаб бюрократик тўсиқларга ечим бўлиш билан бирга сайлов органи ишини осонлаштиришга хизмат қилгани, сайловчиларга қулайлик яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлаб ўтди.

Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Бин Моҳамед: -“Республиканинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларида бўлиб ҳудудий сайлов участкаларида ташкил қилинган жараёнлар билан яқиндан танишдим. Шуни алоҳида эътироф этишим жоиз, сайловчилар эркин ва сайлов ҳуқуқларидан тўла фойдаланган холда овоз беришлари учун барча шароит ҳамда имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, сайлов жараёнларини рақамлаштириш ва электронлаштириш билан Ўзбекистон сайловлар соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олиб бораётгани мени жуда қувонтирди. Мен ўйлайманки, Малайзия давлати ҳам бу йўналишда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.”

 

 

Шунингдек, Мўғулистон Буюк Давлат Хурали ҳамда Мўғулистон – Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоси Уянгахишиг Гончигдорж янги сайлов қонунчилиги асосида бўлиб ўтган сайловлар юқори ташкилий даражада, очиқ-ошкораликни таъминлашда кўрилган чоралар умумэътироф этилган стандартларга мос тарзда амалга оширилганлигини таъкидлади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур