Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Нью-Деҳлида бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этди

25.01.2025

410

msk_yangiliklari_in

Ҳиндистон сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация 2024 йил 23-24-январь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида "2024 йил: Глобал сайловлар йили – демократик маконларни мустаҳкамлаш. Сайлов органлари учун хулосалар”, шунингдек Миллий сайловчилар кунига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

 

 

Тадбир Ҳиндистон Сайлов комиссияси, Ҳиндистон Сайлов комиссиясининг Халқаро демократия ва сайловларни бошқариш институти ва Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциациясининг (A-WEB) Ҳиндистондаги маркази томонидан ташкил этилди.

 

 

Конференцияда дунёнинг 13 та мамлакатидан 30 дан ортиқ сайлов органлари вакиллари, шунингдек, Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси, Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси (IFES), Халқаро демократия ва сайловга кўмаклашиш институти (International IDEA) каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

 

Халқаро конференциянинг асосий мақсади – сайловлар истиқболини ҳисобга олган ҳолда сайловларни бошқаришнинг ҳозирги ҳолатининг асосий йўналишларини муҳокама қилиш.

 

 

2024 йил кўплаб воқеаларга бой бўлди, сайловлар дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида бўлиб ўтди. Бундан ташқари Европа Иттифоқининг 27 аъзоси ҳам Европа Иттифоқи парламент сайловларида овоз берди. Сайловларни ўтказган мамлакатларнинг умумий аҳолиси тахминан 4 миллиард кишини ёки ҳозирги дунё аҳолисининг ярмини ташкил этди. International-IDEA ташкилотининг “2024 йил Глобал сайловлар даври” маълумотларига кўра, ушбу сайловларда жами 3 миллиардлик сайловчилар орасидан 1,6 миллиард сайлов бюллетенлари топширилган. 

 

Икки кун давом этган конференцияда олтита сессия бўлиб ўтди, улар сайлов жараёнининг турли жиҳатларига, хусусан, сайлов йили сифатида 2024 йилнинг асосий хулосалари, сайловларни бошқаришда технологияларнинг ўрни, уларнинг афзалликлари ва муаммолари, ижтимоий медиа платформаларининг сайлов жараёнига ва сайловларни бошқаришга таъсири, сайлов жараёнининг инклюзивлиги ва очиқлигини таъминлаш, сайлов жараёнида иштирокчиларнинг салоҳиятини ошириш ва ўқитиш, халқаро ҳамкорлик, шунингдек, сайлов жараёнининг истиқболларига бағишланди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров 2024 йилнинг асосий якунларига бағишланган биринчи сессияда тақдимот билан чиқиш қилди. Ушбу тақдимот давомида конференция иштирокчилари 2024 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар, Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига рақамли технологияларни жорий этилганлиги, шу жумладан “E-saylov” ахборот тизими ва электрон овоз бериш машиналаридан тажриба-синов тариқасида фойдаланилганлиги ҳақида батафсил маълумот олдилар.

 

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган сайлов ислоҳотларига юқори баҳо бериб, аёл номзодлар учун квоталар оширилгани ва сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этилганини ижобий қайд этди.

 

 

Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров Ҳиндистон сайлов комиссиясининг Бош комиссари Р. Кумар билан учрашди. Учрашувда томонлар ўзаро муносабатларнинг ҳолатини ижобий баҳолаб, икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли жиҳатларини муҳокама қилидилар. 

 

 

 

Шунингдек, конференция давомида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси аъзолари бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

 

25 январь куни делегация аъзолари Миллий сайловчилар кунига бағишланган тадбирларда иштирок этишди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур