30.09.2025

84

msk_yangiliklari_in

Азиз юртдошлар!

Муҳтарам устозлар!

 

Марказий сайлов комиссияси жамоаси номидан барчангизни халқимизнинг севимли байрами 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан, самимий табриклайман.

 

Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш борасидаги ишларнинг кўлами тобора кенгайиб, самаралари юксалиб бормоқда.

 

Шу йил 15 сентябрь куни давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказган мулоқти чоғида таъкидланганидек, мамлакатимизда ўз умрини ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек дунёдаги энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллим, профессор ва ўқитувчилар – педагоглар жамоаси бир миллиондан ошди.

 

Бундай юксалишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга 2024 йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда депутатлик мандатига эга бўлган юртдошларимиз орасида таълим-тарбия, илм-фан соҳаларининг жонкуяр вакиллари – педагоглар сони-салмоғи энг юқори эканида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қарийб 19 фоизи, Сенат аъзоларининг 26,6 фоизи, маҳаллий кенгашлар депутатларининг 36,2 фоизи педагоглардир.

 

Мамлакатимиздаги фидоий ўқитувчилар ва мураббийларни, барча юртдошларимизни ушбу шодиёна кун – 1 октябрь  байрами билан  чин дилдан муборакбод этиш бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.

 

Энг аввало, она Ўзбекистонимиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, устозларимизнинг, барча юртдошларимизнинг ҳаётидан, хонадонидан ҳеч қачон файзу барака, қувонч аримасин.  Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшлар таълим-тарбияси йўлида олиб бораётган ибратли фаолиятингизда юксак муваффақиятлар ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

 

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!

 

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур