Азиз юртдошлар!
Муҳтарам устозлар!
Марказий сайлов комиссияси жамоаси номидан барчангизни халқимизнинг севимли байрами 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан, самимий табриклаймиз.
Мамлакатимизда сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни юксак ташкилий даражада ўтказишдек ғоят масъулиятли жараёнда педагоглар доим фаоллик кўрсатиб келаётганини миннатдорлик билан қайд этиш бизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Уларни юртимиз миллий сайлов тизимининг ишончли ҳамкорлари деб биламиз.
Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этишга доир ишларнинг кўлами тобора кенгайиб, самаралари юксалиб бораётганига халқимиз ўзи гувоҳ бўлиб турибди.
Дарҳақиқат, фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олийжаноб устозларимизни ҳар қанча улуғласак, арзийди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ”.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялашга юксак эътибор қаратилаётгани, Учинчи Ренессанс пойдевори сифатли таълим-тарбия деб танланганида ҳам ана шундай эзгу орзу мужассам.
Мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – халқимиз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Шу мақсадда истиқболда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни амалга ошириш белгилаб берилди. Бу миллий дастурларнинг энг биринчиси билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Фидойи ўқитувчилар ва мураббийларни, барча юртдошларимизни халқимизнинг севимли байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаймиз. Барчангизнинг ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файзу барака, қувонч ва китоб аримасин. Барчамизга устозларимизга ва мураббийларимизга муносиб шогирд бўлиб яшаш ва меҳнат қилиш бахти насиб этсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси