ЕХҲТ ДИИҲБ ЭҲТИЁЖЛАРНИ БАҲОЛАШ МИССИЯСИ ТАШРИФИ

23.01.2024

2646

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан 17 май куни ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Миссия вакиллари ЕХҲТ ДИИҲБ Сайлов департаменти раҳбари Меган Фицджеральд ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Ксения Дашутцина Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев билан учрашди.

 

Учрашувда Миссия вакилларига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан миллий сайлов қонунчилиги ва тасдиқланган Календарь режа асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, мулоқот давомида ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлар натижалари бўйича якуний хулосаларида келтирилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида, шу жумладан Конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси томонидан баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси вакиллари юртимизда сайлов тартиб-тамойилларининг такомиллаштирилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди ҳамда бўлажак сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтишига ишонч билдирди.

 

Ташриф доирасида Миссия вакиллари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашишни режалаштирган.