14.06.2024

1729

msk_yangiliklari_in

Демократия ва замонавий сайловлар ватани ҳисобланган, қадимий Юнонистон ва Римда сайловлар қай тарзда ўтказилган? Халқнинг хоҳиш истаги инобатга олинганми ёхуд барчаси юқори амалдорлар қўлида бўлганми? Ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

 

Қадимий даврларда инсонлар ўз етакчиларини овоз бериш орқали аниқлаган. Умумхалқ кенгашларида халқ ўз етакчиларини сайлаган. Шу тариқа ҳукмронликнинг дастлабки кўринишлари шаклланган. Бу эса ибтидоий даврнинг ўзига хос демократияси эди.

 

Бугунги барча демократик давлатларда ўтказиладиган сайловлар узоқ тарихга эга. Замонавий сайловлар тарихи, мамлакатнинг сиёсий ҳаётига ўз ҳиссасини қўшган ва халқ йиғилишларида барча озод фуқаролар иштирок этган. Қадимги Юнонистон ва Римда сайловларда халқ истаги мамлакат қонунчилигининг асосини ташкил қилган.

 

Юнонистонда очиқ овоз бериш ва қуръа ташлаш ёрдамида махфий овоз бериш усули қўлланилган. Сайлов “варақаси” вазифасини ловия дони бажарган: оқ рангли ловия “ижобий” жавобни, қора рангли ловия “салбий” (қарши) жавобни билдирган.

 

Қадимий Афинада яна бир махфий овоз бериш усули мавжуд бўлган. Унга кўра, фаолияти давомида демократия асосларига хавф солиниши эҳтимоли кўзатилаётган давлат арбобини халқ мамлакатдан ташқарига қувғин қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Қувғин бўйича овоз бериш жараёнида иштирок этаётган фуқарога сополдан ясалган буюм тақдим этилган. Фуқаро Афинадан қувғин қилиниши керак бўлган одамнинг исмини сопол буюмга ёзган ва буюмни шаҳар майдонида ташкил этилиб, қўриқланадиган махсус жойда қолдирган. Қайси давлат арбобининг номзоди кўп овоз олса, ўша шахс қувғин қилинган.

 

Қадимий Римда сайловолди тадбирлари сайловлар ўтказилишидан анча илгари бошланган. Номзод ҳукумат аъзоларига сайловларда иштирок этиши тўғрисидаги хоҳишини билдирган. Шундан сўнг сайловолди тадбирлари бошланган. Сайловолди тадбирлари қуйидагича ўтказилган: номзод оқ либос кийиб (оқ рангли либос номзоднинг халқ олдида виждони тоза эканлигини англатган), сайловчилардан унга овоз беришларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраб, бозор ва майдонларга йўл ўлган. Сайлов куни сайловчилар махсус тахтачаларга ўзлари овоз берган номзод исмини ёзиб катта саватга ташлаган.

 

Юнонларнинг эркин жамият, тенглик каби қарашлари (милоддан аввалги V - I асрларда) кейинчалик Рим империяси томонидан ҳам фаол татбиқ этилган. Мамлакат мустақиллигининг асоси ўз хоҳиш истакларини халқ кенгашларида баён этиб келадиган халқ ҳисобланган. Халқ кенгашларида қонунлар қабул қилинган ва бекор қилинган, тинчлик битимлари тузилган ҳамда урушлар эълон қилинган, халқ вакиллари, дин арбоблари сайланган, чиқарилган суд ҳукмлари муҳокама қилинган, мамлакат ҳаётига оид энг муҳим қарорлар қабул қилинган.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур