№ 989 2019 йил 26 ноябрь
Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга доир тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та сайлов участкалари ташкил этилди ва улар Тошкент шаҳрида тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 12 та сайлов округларига бириктирилди. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали хорижда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида электрон шаклда мурожаат қилиш имконияти яратилди. Хорижда яшаётган фуқароларнинг сайловга оид билимларини ошириш учун “Saylov 2019” мобил иловаси, сайловчиларга уларнинг сўровлари асосида қўшимча ахборот бериш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг “Ишонч телефони” (+99855-502-44-44) ишга туширилди. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ ҳамда хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Камиловнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларда сайловларни ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида 2019 йил 22 декабрда бўладиган сайловларни самарали ташкил этиш бўйича Ҳаракатлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин. 3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда хорижий давлатларга чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхатини аниқлаштирсин ҳамда ушбу маълумотларни Ташқи ишлар вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдим қилсин. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хорижий давлатларга чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар асосида “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати” ахборот тизимига тегишли тузатишлар киритсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун муддатидан олдин ва сайловчилар турган жойда кўчма сайлов қутиларда овоз беришни ташкил этишга кўмаклашиш ва рухсат бериш масаласида зарур ҳолларда хорижий давлатларнинг ваколатли давлат органлари ёки бошқа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилсин. 5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги билан биргаликда хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминласин, шу жумладан хорижий давлатларда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатидан олдин ва хориждаги сайлов участкаси биносидан ташқарида кўчма сайлов қутилари орқали овоз бериш тартиби тўғрисида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар орқали хабардор қилсин. 6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатларда тузилган сайлов участкаларини сайловга оид ҳужжатлар, адабиётлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш масаласини ўз вақтида ҳал қилсин. 7. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин. 8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов