№983 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРҒИБОТИ БОРАСИДА АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ҲАҚИДАГИ АХБОРОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 983 2019 йил 15 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРҒИБОТИ БОРАСИДА АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ҲАҚИДАГИ АХБОРОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетовнинг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, Адлия вазирлиги томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.

Сайловга доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, шу жумладан сайловда номзодларга овоз бериш тартиби, сайловчиларнинг ҳуқуқларига доир масалаларни тушунтириш мақсадида адлия органлари ҳузурида алоҳида тарғибот гуруҳлари тузилган.

Сайловга доир қонун ҳужжатлари моҳиятини тушунтиришга қаратилган турли тарқатма ва анимацион материаллар (инфографика, видеоролик, плакат, баннер, флаер, буклетлар ва бошқалар) тайёрланиб, тарғибот гуруҳлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга етказилган.

Хусусан, фуқароларни сайловларда фаол иштирок этишга чорловчи, уларга сайлов қонунчилигини тушунтиришга доир 4 та видеоролик тайёрланиб, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилмоқда.

Адлия органлари томонидан сайлов қонунчилигини тушунтириш бўйича жойларда 6 270 та манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилган, 4 782 та давра суҳбатлари, маъруза ва семинарлар ўтказилиб, 48 415 нусхада буклет ва флаерлар тарқатилган.

Ўтказилган учрашувларнинг 1 166 таси меҳнат жамоаларида, 2 210 таси маҳаллаларда, 680 таси таълим муассасаларида, 726 таси бошқа манзилларда ташкил этилган.

Шунингдек, 164 маротаба телевидение, 187 маротаба радио, 930 маротаба газета, журнал, сайт ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар ташкил этилган.

Шунингдек, адлия органлари томонидан Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда “республика – вилоят – туман” принципида ҳар бир вазирлик ва идора тизимида сайлов қонунчилигини тушунтириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Адлия органлари ва муассасалари томонидан аҳоли ўртасида Сайлов қонунчилиги бўйича блиц-сўровлар ўтказилиб, натижаси ҳудудий телеканаллар орқали мунтазам намойиш этилмоқда.

Интернетдаги “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали ва бошқа ижтимоий тармоқларда махсус #Сайлов_2019 ҳэштеги билан сайлов қонунчилигини тушунтиришга доир ўнлаб маълумотлар ва инфографикалар эълон қилинган.

Босма ва электрон нашрларда “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” ҳамда “Сизнинг сайлов ҳуқуқингиз” рукнларида қисқа савол-жавоб шаклида материаллар ва таҳлилий мақолалар бериб борилмоқда.

Аксарият адлия органлари томонидан жамоат жойларида “Сайлов ҳуқуқшуноси” бурчаклари, юридик коллеж ўқувчилари ўртасида “Сайлов билимдонлари” кўрик танловлари ташкил этилган.

Ҳудудий адлия органлари томонидан жойларда “Сайлов ҳуқуқшуноси”, “Биз сайловга тайёрмиз”, “Сайловга бефарқ эмасмиз” шиорлари остида акция ва флешмоблар ўтказилмоқда.

Юқорида баён этилганларга ҳамда Сайлов кодексининг 16-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ :

1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетовнинг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.Давлетов):

Вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, агентликлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи” йўналишидаги тадбирлари жорий йил 22 декабрга қадар давом этишига алоҳида аҳамият қаратган ҳолда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда сайлов кампанияси даврида “Мен шахсан овоз бераман” мавзусида маҳаллаларда, ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини;

адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари билан сайлов жараёнларига оид фикр-мулоҳазалар акс этган интервью-суҳбатларни;

олий таълим муассасалари талабалари ўртасида сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнлари юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирларини;

марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда сайлов жараёнларига бағишланган махсус кўрсатув, эшиттириш, ток-шоуларни;

жойларда сайлов жараёни иштирокчиларига сайлов институтининг мазмуни, сайловга доир қонун ҳужжатларининг моҳиятини тушунтиришга қаратилган ҳудудий конференция, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказишни ташкил этсин.

Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида “Сайловчиларнинг сайловлардаги иштироки”, “Сизнинг сайлов ҳуқуқингиз” рукнларида қисқа, лўнда савол-жавоб шаклида материаллар ва ахборот-таҳлилий мақолалар тайёрланиши ҳамда чоп этилишини;

жойларда аҳолини сайлов қонунчилиги ҳақида кенг хабардор қилишни, уларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишини назарда тутувчи турли хил акция ва флешмоблар ўтказилишини таъминласин.

3. Вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир ой муддатда ўзининг тизимидаги барча идораларда ходимларнинг сайловга доир ҳуқуқий маданиятини ва билимларини ошириш мақсадида мутахассисларни жалб қилган ҳолда семинарлар ташкил қилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар бир ой муддатда олий таълим муассасаларидаги талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида миллий сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига жамоатчиликни сайлов қонунчилиги янгиликлари билан кенг таништириш, сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, шу жумладан фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг сайлов ҳуқуқларини телевидение ва радио орқали кенг ёритиш, шунингдек марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда сайлов жараёнларига бағишланган махсус кўрсатув, эшиттириш, ток-шоуларни ташкил этиш тавсия этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), вазирлик ва идоралар 2019 йилнинг 15 декабрига қадар ушбу Қарорнинг ижро этилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ахборот тақдим этсин.

7. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М.Ш. Истамов зиммасига юклансин.

8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

РаисМ. Абдусаломов