№980 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ САЙЛОВИГА ДОИР САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНИНИНГ ШАКЛИНИ ВА МАТНИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 980 2019 йил 14 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ САЙЛОВИГА ДОИР САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНИНИНГ ШАКЛИНИ ВА МАТНИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 31 ва 32 -моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати сайловига доир сайлов бюллетени шакли 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Марказий сайлов комиссияси томонидан Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафаретларга мос келишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиясига сайлов бюллетенларининг шаклини 2-иловага мувофиқ А-4 (297х208 мм) хажмидаги, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига 3-иловага мувофиқ А-5 (148х210 мм) хажмидаги ўлчамда тасдиқлаш тавсия этилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати сайловига доир Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет 4-иловага мувофиқ, Қорақапоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутати сайловига доир Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет 5-иловага мувофиқ, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутати сайловига доир Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг қалинлиги 80 гр/м2, оппоқлиги камида 85 фоиз бўлган, аъло сифатли матбаа офсет қоғозида, А-4, 297х208мм ўлчамда босилади;

б) сайлов бюллетени шаклининг матни сайлов бюллетенининг фақат бир томонига бир хил (қора) рангда жойлаштирилади, бунда қуйидагилар тўқ қора ҳарфларда ажратиб кўрсатилади:

- сайлов бюллетенининг номланиши;

- сайлов округининг номи;

- сайлов ўтказиш санаси;

- депутатликка номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

- депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партиянинг номи;

- сайлов бюллетенининг пастки қисмида катта ҳарфлар билан жойлаштирилган уларни тўлдириш тартиби бўйича тушунтириш;

в) ҳар бир номзод ҳақидаги маълумотлар бошқа номзод маълумотларидан тўқ қалин чизиқ билан ажратилган бўлиши керак;

г) матбаа ташкилоти сайлов бюллетенларининг яроқли ёки яроқсизлигини текширади ҳамда уларни сайлов бюллетенларини олиш ваколатига эга бўлган, уларни тайёрлаш учун буюртма берган округ сайлов комиссияси аъзоларига далолатнома асосида топширади, далолатномада унинг тузилган санаси ва вақти, шунингдек топширилаётган сайлов бюллетенларининг сони кўрсатилади. Буюртмага мувофиқ миқдордаги сайлов бюллетенлари топширилгандан кейин матбаа ташкилоти ходимлари яроқсиз деб топилган ва ортиқча сайлов бюллетенларини дарҳол йўқ қиладилар ва бу ҳақда далолатнома тузадилар, далолатнома барча ҳозир бўлганлар томонидан имзоланади.

5. Сайлов бюллетенини тайёрлашда унда қуйидаги мазмундаги тушунтиришлар бўлиши инобатга олинсин:

“Ўзингиз ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «» ёхуд «х» белгисини қўйинг.

Овоз бериш вақтида биттадан ортиқ квадратга “+” ёки “” ёхуд “х” белгиси қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белгилар қўйилмаган сайлов бюллетенлари ҳам ҳақиқий эмас деб топилади”.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати сайловига доир сайлов бюллетени матни Марказий сайлов комиссиясининг Номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорига асосан алифбо тартибида жойлаштирилган ҳолда тасдиқлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари:

- сайлов округи ҳудудида истиқомат қилаётган кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда сайлов бюллетенларини чоп этилишини зарурий эҳтиёжни аниқласинлар;

- сайловга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ сайлов бюллетенларини чоп этилиши лозим бўлган миқдорини белгиласинлар;

- сайлов округи чегараларида истиқомат қилаётган аҳолининг миллий мансублиги тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олган ҳолда сайлов бюллетенларини тегишли тиллар бўйича тақсимласинлар;

- 2019 йил 9 декабрга қадар участка сайлов комиссияларига сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг 5 фоизи миқдорида, 2019 йил 19 декабрга қадар 95,5 фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини етказиб берсинлар.

8. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ:

- сайлов бюллетенида ҳар бир рўйхатга олинган номзод тўғрисидаги маълумотларнинг ўнг томонига бўш катакчалар жойлаштирилади;

- участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан ортиқроқ бўлиши мумкин эмас;

- сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади;

- овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссияларининг аъзолари ҳозирлигида муддатидан олдин овоз бериш сайлов бюллетенлари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади;

- овоз бериш тугагач фойдаланилмаган ва бузиб қўйилган барча сайлов бюллетенлари участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва юқори чап бурчагини кесиш ёки сайлов бюллетенининг орқа томонида тегишли белги қўйиш йўли билан бекор қилинади.

9. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов