№ 977 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ САЙЛОВЛАРИДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАРНИНГ САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 977 2019 йил 12 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ САЙЛОВЛАРИДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАРНИНГ САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16, 44–48-моддаларига асосан сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловларида иштирок этаётган сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар депутатлари сайлови бўйича сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2019 йил 18 ноябрь соат 06-00 дан бошланиши эълон қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловларида иштирок этаётган сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти 1-иловага мувофиқ;

“Халқ сўзи”, Народное слово”, “Правда Востока”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида бепул ажратиладиган нашр майдони 2 ва 2а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар вакилларининг ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;

иккинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

учинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

бешинчи – Ўзбекистон Экологик партияси.

4. Белгилансинки:

бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдонидан фойдаланиш турлари, шакллари ва усулларини сиёсий партиялар мустақил белгилайдилар;

сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар бепул ажратилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Халқ сўзи”, Народное слово”, “Правда Востока”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталари таҳририятлари:

сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти доирасида чиқишлари учун зарур шарт-шароитларни яратсин;

бепул ажратилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида эфирга узатилаётган ҳамда чоп этилаётган сайловолди ташвиқоти материалларини улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этиб борсин.

6. Маълумот учун қабул қилинсинки Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 46-моддасига асосан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга ҳақ эвазига эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Белгилаб қўйилсинки, сиёсий партияга ёки депутатликка номзодга ҳақ эвазига эфир вақти ёки нашр майдони берилган тақдирда оммавий ахборот воситалари (партия босма нашрлари бундан мустасно) бошқа сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга тенг ва бир хил шартларда ва бошқа талабларда эфир вақти ёки босма майдони ажратишга тайёрлиги ҳақида эфирда ёки босма нашрда ёхуд расмий веб-сайти орқали хабар бериши ёки бошқача усулларда эълон қилиши лозим.

7. Оммавий ахборот воситалари:

барча депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун эфир вақти, нашр майдони учун ҳақ тўлашнинг тенг ва бир хил шартларини ва бошқа талабларини таъминласин;

ахборот дастурларида ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенг шароитлар яратсин, шу жумладан давомийлиги ва ҳажми бўйича, ахборот материалларини эфирга узатиш ҳамда чоп этишда улар кўпроқ биргаликда берилишига эътибор қаратсин;

сайловолди ташвиқоти боришини ёритишда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 950-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга амал қилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда мессенжерлар томонидан сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларни ёритиш жараёни мониторингини ўтказсин ва натижаларини бир иш кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиб борсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларига 2019 йил 17 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўйича сиёсий партияларнинг ҳудудий органлари билан келишган ҳолда сайловолди ташвиқотини ўтказиш мақсадида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг маҳаллий давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши ҳажми ва вақтини белгилаш тавсия қилинсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ ташқи реклама воситалари ва электрон мониторларни бепул ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ташқи реклама воситалари жойлашадиган ерларни белгиласин ва сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун уларни сиёсий партияларга тенг равишда тақдим этсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига участка сайлов комиссияларини сайловолди ташвиқоти даврида участка ҳудудида кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилни инобатга олиб, “Халқ сўзи”, Народное слово”, “Правда Востока”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталари билан, сиёсий партияларга – сиёсий партияларнинг газеталари билан таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддасига асосан, 18 ноябрга қадар:

номзодларнинг сайлов округи доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш;

сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзодларнинг сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқларини таъминлашга доир зарур чораларни кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларни сайловолди ташвиқоти тадбирларини ва сайловчилар билан учрашувларини ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин.

14. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга тенг шартларда жиҳозланган хоналар бепул тақдим этилишини таъминласин, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда кўмаклашсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайловолди ташвиқоти шартлари ва тартибини бузиш, номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ахборот, ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш учун жавобгарлик чоралари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайловолди ташвиқоти мобайнида сайлов тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан самарали назоратни амалга оширсин.

17. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов