№ 937 2019 йил 19 сентябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САЙЛОВ КОДЕКСИНИНГ 90-МОДДАСИНИ ҚЎЛЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига асосан қонунчилик нормаларини тўғри, бир хилда ва аниқ қўллаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддаси учинчи қисмига асосан ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.
2. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддаси учинчи қисмини қўллашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларига асосан ижро этувчи ҳокимият органларига қуйидагилар киришига эътибор қаратсинлар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши;
вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари девонлари (аппаратлари) тузилмасига кирадиган бўлинмалар;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3358-сон Фармони иловасида кўрсатилган давлат бошқарув органлари, шу жумладан, ушбу органлар тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар;
фаолиятларини тартибга солувчи низомларида давлат бошқаруви органи сифатида мақоми мустаҳкамланган давлат органлари ва уларнинг тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар.
Давлат бошқаруви органлари буйсунувидаги давлат корхоналари ва муассасалари ҳокимият ваколатларига эга эмасликлари боис ҳокимият ижроия органлари ҳисобланмайдилар. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш ва даволаш-профилактика муассасалари, Адлия вазирлиги тизимидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва бошқалар.
3. Мансабдор шахслари депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинадиган ижро ҳокимияти органлари Рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддаси учинчи қисмида кўзда тутилган ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига раҳбарлик, ташкилий, бошқарув, назорат функциялари ёки моддий қимматликлар ҳаракати билан боғлиқ мажбуриятлар юкланган ҳокимият ижроия органларининг девонлари ходимлари киради. Бундай тоифадаги шахсларга Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бошқарув, хизмат кўрсатиш ва техник ходимлари лавозимлари номенклатурасида (Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 9 декабрда 1288-сон билан рўйхатга олинган) белгиланган маъмурий-бошқарув ходимлари ва бошқарув ходимлари мутахассислари киради.
Ушбу органларда раҳбарлик, ташкилий, бошқарув ва назорат функцияларига эга бўлмаган ёрдамчи (техник ва хизмат кўрсатиш) лавозимларни эгаллаган ходимлар мансабдор шахслар тоифасига кирмайди.
5. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларига сайлов кампанияси даврида депутатликка номзодларни рўйхатга олишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддаси учинчи қисмини қўллашда ушбу қарорга амал қилиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси иккинчи қисмини қўллаш тўғрисида 2017 йил 11 августдаги 843-сон қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
7. Мазкур қарор:
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларига, сиёсий партияларга юборилсин;
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М.Истамов зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов