№ 934 САЙЛОВ ВА РЕФЕРЕНДУМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАМДА ЎТКАЗИШ СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИ СОДИР ЭТГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИНГ МУҚАРРАРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 934 2019 йил 11 сентябрь

Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига асосан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 512 – 5111-моддаларига асосан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган;

(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 11 сентябрдаги 1376-сон қарори таҳририда)

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Прокуратура тўғрисида”, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларига асосан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённома прокуратура, ички ишлар органларининг ваколатли мансабдор шахслари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ёки котиблари томонидан тузилади;

(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сон қарори таҳририда)

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасига асосан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилади.

(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 июндаги 1072-сон қарори таҳририда)

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги:

сайлов кампанияси ва референдумни ўтказиш даврида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатсин;

(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сон қарори таҳририда)

прокуратура ва ички ишлар органлари ваколатли мансабдор шахслари томонидан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш бўйича қуйи турувчи идораларга кўрсатма берсин.

3. Сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш бўйича йўриқнома 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сон қарорига асосан ўз кучини йўқотган)

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисида” 2016 йил 7 октябрдаги 751-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов