№ 931 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ ХАЛҚАРО МАТБУОТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 931 2019 йил 11 сентябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ ХАЛҚАРО МАТБУОТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддалари ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида (кейинги ўринларда – ОАВ) ёритиб борилиши, сайлов жараёни барча иштирокчилари, кенг жамоатчиликка, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига тезкор ҳуқуқий ахборот берилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ :

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази (кейинги ўринларда – Халқаро матбуот маркази) ва унинг минтақавий бўлинмалари ташкил этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази тўғрисидаги низом ва унинг таркибий тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Халқаро матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уйда жойлаштирилсин.

4. Халқаро матбуот маркази:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга 2019 йил бўлиб ўтадиган сайлов жараёнини ОАВда кенг ёритилишини, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказилишини, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этсин;

ўз ҳузурида Сайловчиларга тезкор ахборот бериш маркази (Call-center) фаолиятини йўлга қўйсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республика ҳудуди бўйлаб абонентлардан Сайловчиларга тезкор ахборот бериш марказига чиқувчи бепул қўнғироқлар амалга ошириладиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратиш ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Халқаро матбуот маркази ва унинг минтақавий бўлинмаларини сайлов жараёнларининг бориши учун зарур бўладиган ташкилий техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, нусха кўчириш аппарати, проектор, LED-мониторлар, синхрон таржима учун қурилмалар) ва алоқа воситалари (телефон, факс, интернет) билан таъминласин;

Халқаро матбуот маркази ва унинг минтақавий бўлинмаларига автотранспорт, шунингдек баннерлар, электрон реклама стендлари, билбордлар ва бошқа зарур жиҳозлар ажратилиши бўйича зарур чоралар кўрсин;

Халқаро матбуот марказининг минтақавий бўлинмалари фаолиятини амалга ошириши учун зарур бино ва хоналар ажратилишини ҳамда уларнинг зарур техника ва бошқа воситалар билан жиҳозланишини таъминласин;

Халқаро матбуот марказининг минтақавий бўлинмаларига ходимларнинг чекланган сони 3-6 кишидан иборат таркибда малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилиши юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқаро матбуот марказининг раҳбар ва ходимларига иш ҳақи тўлаш, жалб қилинган экспертларни рағбатлантириш, жорий коммунал тўловлари ва бошқа харажатларни амалга ошириш учун маблағлар ажратсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти Халқаро матбуот марказига жалб этилган ходимлар ва экспертлар билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар расмийлаштирилишини ва шу асосда иш ҳақи тўловлари амалга оширилишини таъминласин.

9. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклатилсин.

РаисМ. Абдусаломов