№ 913 2019 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ, ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ТАДБИРЛАР ДАСТУРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 913 2019 йил 27 май

2019 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ, ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ТАДБИРЛАР ДАСТУРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ 2019 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “...2019 йилда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳозирдан киришиш керак. Дастурда мазкур сиёсий жараён янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илгор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур”, деб таъкидлаган эди.

Мамлакатимизда сайлов тизимини ислоҳ қилиш, уни янада демократлаштириш, халқаро андоза ҳамда принципларга мослаштириш, фуқароларга қулайлик ва эркинлик яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш орқали сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Шу мақсадда, сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилиши, сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларини жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилиши, сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг тартиб-таомилларини кенг халқ оммасига тушунтириш, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларининг йўлга қўйилаётганлиги, мамлакатимизда аёлларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини фаоллаштириш учун Ўзбекистон қонун ҳужжатларида сиёсий партиялардан номзод кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик гендер квотаси белгиланганлиги ҳамдасайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ҳам мамлакатимиз сайлов тизиминининг демократик принциплар асосида ташкил этилишига ўз ҳиссасини қўшади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиққан ҳолда сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш ишлари амалга оширилди. Бу соҳада халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг хулосалари олинди.

Сайлов жараёнларига ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича хорижий тажриба ҳам батафсил ўрганилиб, ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти хусусан, 20 дан зиёд нафақат Ғарбий Европа, балки Шарқий Осиё ва МДҲ мамлакатларининг тажрибаси ҳам таҳлил қилинди. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Венеция комиссияси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги, Бутунжахон Сайлов Органлари Ассоциацияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари эътиборга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3961-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатинижорий этиш, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ва улардан фойдаланишда идоралараро ўзаро ҳамкорликни белгилашга доир тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4004-сон қарорида Марказий сайлов комиссиясининг асосий йўналишлари, мақоми ва структураси белгиланиб, Марказий сайлов комиссияси таркибида сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича Ўқув маркази ҳамда Ахборот технологиялари билан ишлаш бўлими ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, маданияти, дунёқараши юксалиб бормоқда. Қонун ижодкорлиги ишлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти даражасини, сиёсий партиялар, депутатларнинг дастурий мақсадлари ва амалий фаолиятини баҳолашда сайловчиларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, талабчанлиги тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарликни қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда халқаро стандартларга мувофиқ равишда, уюшқоқлик билан ташкил этиш ва уни ўтказиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуни 5, 9, 10-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар Дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, сайловга тайёргарлик кўриш бўйича барча ишлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, жойлардаги сайлов комиссиялари, вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурга мувофиқ равишда амалга оширилади.

2. Бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш даврида қуйидагилар асосий вазифалар этиб эътироф этилсин:

– сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, сайловчиларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриши ва аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини ошириш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш;

– сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, мамлакатни ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратиб бериш;

– сайлов кампаниясида ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши, уларнинг электорал фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

- сайлов жараёни барча ташкилотчиларининг сайловларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ҳамда сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича кўникмаларини шакллантириш;

– сайлов кампаниясининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига оғишмай риоя қилинишини таъминлаш. Энг аввало, сиёсий партиялар, сайловга тайёгарлик кўриш ва уни ўтказишда иштирок этадиган барча ташкилий тузилмалар ўртасида қонунчилик меъёрларига қатъий амал қилиш зарурати хусусида тушунтириш ишларини олиб бориш;

– амалдаги қонунчиликнинг сайлов кампаниясини ўтказишда фақат сайлов комиссиялари асосий ташкилотчи ҳисобланиши тўғрисидаги қоидасини изчил ва сўзсиз амалга ошириш, сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунталабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишлар, аниқланган “ҳомийлик” ҳолатларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш ва айбдорларга нисбатан жазомуқаррарлигини таъминлаш.

3. Марказий сайлов комиссияси Котибияти раҳбари С.Курбанкуловга Дастурда белгиланган барча тадбирларни ҳар бир банди бўйича алоҳида ижрочи белгилаб, ижросини таъминлаш чораларини кўриш ва натижаларига кўра Марказий сайлов комиссияси мажлисларида ахборот бериб бориш топширилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3961-сон қарорига мувофиқ ўтказилган хатлов натижалари бўйича тайёрланган сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини аниқлаштириш ишларини якунлаб, Марказий сайлов комиссиясига 2019 йилни 1 июль кунига қадар ахборот тақдим этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда икки ҳафталик муддатда сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва қонунчиликдаги янгиликларни ижрочилар ва аҳолининг кенг қатламига етказиш бўйича чора-тадбирлар Дастурини ишлаб чиқсин.

6. Мазкур қарор ва у билан тасдиқланган “2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар Дастури” Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситаларига юборилсин.

Юқорида қайд этиб ўтилган ташкилот ва идоралар Дастурда белгиланган чора-тадбирларни бажарилиши юзасидан Марказий сайлов комиссиясига ҳар ой якунига кўра кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот бериб борсин.

7. Ушбу Қарорнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Г.Рахимова зиммасига юклатилсин.

РаисМ. Абдусаломов