№ 898 2018 йил 27 декабрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ Ш.М.МИРЗИЁЕВНИНГ 2018 ЙИЛ 6 НОЯБРДАГИ “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚАРОРИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАРНИНГ ИЖРОСИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4004 сон қарори ҳамда ушбу қарор ижроси юзасидан қабул қилинган Марказий сайлов комиссияси Раисининг 2018 йил 12 ноябрдаги 87-сон фармойиши шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ҳодимлари тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда Президент қарорининг 1-иловасига мувофиқ қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”да белгиланган барча вазифаларнинг ўз муддатида ва изчил ижро этилаётганлиги инобатга олинсин.
2. Марказий сайлов комиссиясининг ташкилий-штат тузилмаси 1-иловага асосан тасдиқлансин.
3. Марказий сайлов комиссияси Котибияти ҳузурида Президент қарори асосида Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини ва Котибият Низомини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари таркиби 2, 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Г.Рахимованинг, Котибият раҳбари С.Курбанкуловнинг ҳамда доимий асосда ишловчи аъзоси О.Абдуназаровнинг Президент қарори ижроси юзасидан берган дастлабки ахборотлари инобатга олиниб, уларга ушбу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттириш вазифалари топширилсин.
5. Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари С.Курбанкуловга:
- Котибият ходимларини янги ташкилий-штат тузилмаси асосида 2019 йилнинг 1 январидан лавозимга қайта тайинлаш бўйича таклиф киритсин;
- бўш иш ўринларига малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин;
- барча бўлимларни етарли даражада хоналар ва моддий-техник жиҳозлар билан таъминласин;
- Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг ҳар бир бўлими фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, самарадорлигини ошириш ва мувофиқлаштириш мақсадида доимий асосда ишловчи комиссия аъзоларини тегишли бўлимларга масъул этиб белгилаш вазифаси юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг олий юридик маълумотга эга бўлган доимий асосда ишловчи комиссия аъзолари ва Котибият ходимларига мартаба даражалари бериш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси доимий асосда ишловчи аъзоси О.Абдуназаровга:
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда Президент қарорининг 2-иловасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ходимларининг ташкилий-штат жадвалини ишлаб чиқилганлиги муносабати билан уни Молия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш;
- Марказий сайлов комиссияси молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт воситалари билан таъминлаш учун зарур маблағларни ажратилишини назорат қилиш вазифаси топширилсин.
8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов