№ 849 ТОШКЕНТ ШАҲАР ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ БЎЙИЧА САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНИШИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 849 2017 йил 15 сентябрь

ТОШКЕНТ ШАҲАР ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ БЎЙИЧА САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНИШИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўла мувофиқ ҳолда ўтказиш мақсадида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов – 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2017 йил 24 декабрь куни ўтказилсин.

2. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси жорий йилнинг 23 сентябридан бошланиши эълон қилинсин.

3. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар жойлардаги сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчиликка, халқаро умумэътироф этилган демократик принциплар ва стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил 30 июнда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 835-сон қарорига мувофиқ қатъий амалга оширилади.

Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширади, ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

4. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши 2017 йил 3 октябрига қадар Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияларини тузсин, сайлов округларининг сони белгиланишини таъминласин.

5. Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиялари:

– 2017 йил 10 октябрига қадар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов округлари рўйҳатини, уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда эълон қилсин;

– 15 октябрга қадар округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқласин;

– 25 октябрга қадар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов участкалари рўйҳатини, уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда эълон қилсин;

– 12 ноябрга қадар сиёсий партияларнинг туман кенгашлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман Кенгашларига депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилсин;

– 14 ноябрга қадар участка сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқласин;

– 19 ноябрга қадар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига номзодларни рўйхатга олсин.

6. Тошкент шаҳар туман ҳокимликлари 2017 йил 10 октябрга қадар туман сайлов комиссияларига сайлов участкаларини тузиш бўйича тақдимномалар киритсин.

7. Тошкент шаҳридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари 2017 йил 13 октябрига қадар округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни, шунингдек, 10 ноябрга қадар участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни туман сайлов комиссияларига тавсия этсин.

8. Белгилансинки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

– сиёсий партиялар 2017 йил 15 октябрига қадар сайловда иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни туман сайлов комиссияларига тақдим этишлари лозим;

– Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар кўрсатиш 2017 йил 20 октябрда бошланади ва 9 ноябрда тугалланади;

– Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйҳатга олиш учун сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан хужжатлар қабул қилиш 2017 йил 12 ноябрда тўхтатилади, номзодларни рўйҳатга олиш 2017 йил 19 ноябрда тугайди;

– сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади ва 2017 йил 22 декабрда тугайди. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди;

– манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларига 2017 йил 9 декабрга қадар маълум қилишлари лозим;

– овоз бериш 2017 йил 24 декабрда соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади.

9. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги № 630-сон қарорига мувофиқ “Электрон ҳукумат” тизими доирасида 2017 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар давомида тажриба тартибида ҳуқуқий эксперимент сифатида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ахборот тизимини шакллантириш ва юритишни таъминласин.

10. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

11. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кенг ёритиш мақсадида ягона матбуот марказини ташкил этиш, ҳамда ягона веб-сайтни яратиш, шунингдек, сайлов комиссияларини ягона компьютер тармоғига улаш чораларини кўрсин.

12. Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликлари барча даражадаги сайлов комиссияларини зарур хоналар, транспорт, компьютер, интернет, алоқа ва сайлов ўтказиш учун керакли бўлган воситалар билан таъминласин.

13. Тошкент шаҳридаги сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2017 йил 11 августда қабул қилинган 843-сон қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериши шарт бўлган ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари рўйхати ҳамда 844-сон қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш тартиби бўйича услубий тавсияларга тўла мувофиқ равишда амалга оширсин.

14. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.

15. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К.Адилов ва Котибият раҳбари С. Курбонкуловлар зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов