№ 843 ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ 23-МОДДАСИ ИККИНЧИ ҚИСМИНИ ҚЎЛЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 843 2017 йил 11 август

“ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ 23-МОДДАСИ ИККИНЧИ ҚИСМИНИ ҚЎЛЛАШ ҲАҚИДА

Сайлов комиссиялари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларни рўйхатга олишда ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари доирасини аниқлашда қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, қонун нормаларини тўғри, бир хилда ва аниқ қўллаш ҳамда қонунийлик, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Сайлов комиссиялари “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси иккинчи қисмини қўллашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, ҳокимият ижроия органларига қуйидагилар киришига эътибор қаратсинлар:

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши;

– вилоят, туман ва шаҳар ҳокимиятлари, уларнинг бошқарма, бўлим ва ҳокимият девони тузилмасига кирадиган бошқа бўлинмалари;

– давлат бошқарув органлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги №ПФ-3358-сон “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони иловасида санаб ўтилган давлат бошқарув органлари, ушбу органлар тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар.

Давлат бошқаруви органларига ушбу органлар буйсунувидаги давлат корхоналари ва муассасалар (масалан, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаб, мактабгача болалар муассасалари, мактабдан ташқари муассасалар, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш, даволаш-профилактика ва бошқа муассасалар) кирмайди.

Ушбу ва улар сингари давлат корхона ва муассасалари ҳокимият ваколатларига эга эмасликлари боис, маҳаллий ҳокимият ижроия органлари таркибига кирмайдилар.

Ҳокимият ижроия органлари рўйхати маълумот учун илова қилинсин.

Шунингдек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси иккинчи қисмида кўзда тутилган ҳокимият ижроия органлари мансабдор шахсларига раҳбарлик, ташкилий, бошқарув, назорат функциялари ёки моддий қимматликлар ҳаракати билан боғлиқ мажбуриятлар юкланган ҳокимият ижроия органлари девони ходимлари киради. Бу Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг бошқарув, хизмат кўрсатиш ва техник ходимлари лавозимлари номенклатурасида (2003 йил 9 декабрь Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан 1288-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган маъмурий-бошқарув ходимлари ва бошқарув тузилмаси мутахассисларидир.

Мансабдор шахсларга ушбу органларда раҳбарлик, ташкилий-бошқарув ва назорат функцияларига эга бўлмаган ёрдамчи (техник ва хизмат кўрсатиш) лавозимларни эгаллаган ходимлар кирмайди.

2. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларига сайлов кампанияси даврида депутатликка номзодларни рўйхатга олишда ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси иккинчи қисмини қўллашда ушбу қарорнинг 1 бандига амал қилишлари тавсия этилсин.

3. Мазкур қарор Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларига ижро учун, сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маълумот учун юборилсин.

2

4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.

РаисМ. Абдусаломов