№ 835 2017 йил 30 июнь
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари тузилиши ҳамда мазкур туман Кенгашларига сайлов ўтказилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш Ташкилий комиссияси ҳамда ишчи гуруҳи таркиблари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича энг муҳим талаблар ва устувор вазифалар этиб белгилансин:
– сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, сайловчиларни сиёсий партиялар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва депутатликка номзодларининг сайловолди дастурлари, номзодларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан таништириш, сайловчиларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан хабардорлигини ошириш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини амалга ошириш;
– сиёсий партияларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, улар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини сайловчиларга, кенг жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратиб бериш;
– сайлов кампаниясида ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши, уларнинг ижтимоий фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
– сайлов кампаниясининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига оғишмай ва сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш.
4. Ушбу қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига ҳамда Дастурда белгиланган масъул идора ва ташкилотларга ижро учун юборилсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.
5. Мазкур қарор ижросининг таъминланишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси зиммасига юклатилсин.
РаисМ. Абдусаломов